25 июлдан Қозоғистон полициясига хорижликлар мақомини текшириш ваколати берилди
Июль 16, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 140
ТОШКЕНТ, 16 июль. /“Дунё” АА/. 2026 йил 25 июлдан бошлаб Қозоғистонда патруль-пост хизмати (ППХ) ходимларининг хорижий фуқаролар билан муносабатлардаги мажбуриятлари, уларнинг транспорт объектлари, метрополитен, аҳоли пунктлари ва шаҳар ташқарисидаги автомобиль йўлларида хизмат олиб бориш тартибига ўзгартиришлар киритилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Kazinform” халқаро ахборот агентлиги маълумотларига кўра, ички ишлар вазирининг буйруғи билан ППХ ходимларининг хорижий фуқаролар, дипломатик ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналар ходимлари билан фақат ўз хизмат вазифалари доирасида мулоқот қилиши белгиланган. Хусусан, бу ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, транспорт ҳаракати жадвали бўйича маълумот бериш, меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш шохобчаларининг жойлашуви ҳақида ахборот тақдим этиш каби вазифаларни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳужжатларини текширишда полиция ходимлари чет элга чиқиш паспорти, яшаш учун рухсатнома ёки фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасининг амал қилиш муддати, виза ҳамда Қозоғистон ҳудудида қонуний бўлиб турганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлигига эътибор қаратади. Қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, полиция ходимлари Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга мувофиқ чора кўриши шарт.
Киритилган ўзгартиришлар билан патруль-пост хизматининг айрим вазифаларига ҳам аниқлик киритилди. Хусусан, ППХ ходимлари хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мамлакатдан чиқариб юборишда миграция хизмати бўлинмаларига ёрдам беради ҳамда уларни давлат чегарасидаги ўтказиш пунктларигача кузатиб боради.
Шунингдек, полиция ходимлари хорижий фуқаронинг йўловчи поезди ёки самолётдан қолиб кетганлиги, чет элликлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликлар, ноқонуний миграция ҳолатлари ва ноқонуний муҳожирларни олиб ўтишнинг маълум йўналишлари ҳақида зудлик билан навбатчилик қисмига хабар бериши шарт.
Аҳоли пунктлари ва шаҳар ташқарисидаги автомобиль йўлларида жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича патруль-пост хизматини ўташга доир йўриқномага ҳам худди шундай ўзгартиришлар киритилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси