Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида «Ёш авлод тарбиясида оиланинг ўрни» мавзусида маърифий тадбир ташкил этди
Февраль 16, 2024. 19:58 • 3 дақ
• 154
БЕРЛИН, 17 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида «Ёш авлод тарбиясида оиланинг ўрни» мавзусида маърифий тадбир ташкил этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда Германиянинг турли федерал ўлкаларидан келган юзга яқин ватандошлар, дипломатик ваколатхона вакиллари ҳамда уларнинг оила аъзолари қатнашди.
Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов тадбирнинг очилиш қисмидаги нутқида, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан ёш оилаларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, мамлакатимизда маданий-маърифий жабҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар тўғрисида батафсил сўзлаб берди. Дипломатик миссия раҳбари, шунингдек, мунис ва меҳридарё оналаримиз, опа-сингилларимизнинг оилада тутган муҳим ролига, давлатимиз томонидан сўнги йилларда аёлларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва чора-тадбирларга эътибор қаратди.
Тадбир доирасида Германиядаги ватандошлар томонидан амалга оширилаётган ва бугунги кунда бутун мамлакат бўйлаб фаолият олиб бораётган «Бахтиёр оила» лойиҳасининг олтинчи давра суҳбати ўтказилди.
Унда сўзга чиққанлар ушбу тадбир мамлакатимизда буюк аждодларимиз Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд айёмлари нишонланаётган кунларида бўлиб ўтаётгани, улар қолдирган маънавий мероснинг ёш авлод тарбиясида тутган муҳим ўрни ҳақида тўхталдилар.
Ушбу шаклдаги учрашувлар ва давра суҳбатлари хориждаги ватандошларни бирлаштиришга, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳамда мамлакатимиз билан узвий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши урғуланди.

«Бахтиёр оила» лойиҳа асосчиси ва менежери Бегойим Содиқова:
- Хорижга илм ва тажриба излаб келаётган ҳамюртларимизнинг сони кўпайиб бораётгани ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Бахтиёр оила» лойиҳасига асос солинди.
Асосий мақсадимиз миллий урф-одатларимизга риоя қилган ҳолда оила қуриш, қадриятларимизни сақлаб қолаётган ёшларни қўллаб-қувватлашдир. Келажакда мазкур лойиҳани кенгайтириш ва Европадаги барча ватандошларга хизмат қилувчи дастур устида ишлаяпмиз. Бугунгача Германия бўйлаб Франкфурт-Майн, Мюнхен ва бошқа шаҳарларда жами 5 та давра суҳбати ўтказдик. Олтинчи давра суҳбатини эса Берлинда ўтказяпмиз.

«Бахтиёр оила» лойиҳаси фаоли Лобар Бабаева:
- Уч йилдан бери Германияда истиқомат қиламан. Уч нафар фарзандим бор. Бир гуруҳ ўзбекистонлик аёллар бирлашиб. 2023 йил январь ойида «Бахтиёр оила» лойиҳасига асос солдик. Ушбу лойиҳа ўз номи билан шу мамлакатда таҳсил олаётган ёки меҳнат фаолиятини олиб бораётган ёшларимизга ҳар томонлама кўмаклашишга қаратилган.
Ёшларимиз Германия ёки Европага ўқиш ёки ишлаш истагида келсаларда уларнинг миллий қадриятларимизни давом эттириш, унинг асосида оила қуриш хоҳишлари борлиги бу бизни рағбатлантиради. Кемага тушганнинг жони бир деганларидек, хорижда яшаётган ўзбек оилаларнинг фарзандлари ҳам шу ерда вояга етаяпди. Улар сафида бизнинг ҳам фарзандларимиз бор. Бу дегани, биз ҳам фарзандларимиз ўзбекона оила қуришини, миллий қадриятларимизни сақлаб қолишларини хохлаймиз. Ушбу йўлда хизмат қилаётганимиздан мамнунмиз.
Бугун Берлиндаги Ўзбекистон элчихонасида «Бахтиёр оила» лойиҳасининг олтинчи давра суҳбатини ўтказдик. Тадбирга бутун Германиядан ўзбек ёшлари жам бўлишди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси