Ўзбекистон элчиси МДХМИда таҳсил олаётган ватандош талабалар билан учрашди
Ноябрь 09, 2026. 17:10 • 2 дақ
• 77МОСКВА, 9 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадов Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МДХМИ)да таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан очиқ мулоқот ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда МДХМИ проректорлари Артём Мальгин, Станислав Суровцев ҳамда университет профессор-ўқитувчилари ҳам иштирок этди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва Ўзбекистон–Россия муносабатларининг ривожланиши ҳақида сўз юритилди.
Россияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши ва яшаши учун қулай шароитлар яратиш ҳамда келгусида касбий фаолиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Алоҳида эътибор Россия ҳудудида бўлиш билан боғлиқ миграция талабларига қаратилди. Талабаларга миграция қонунчилигига риоя қилиш, миграция ҳисобини ўз вақтида расмийлаштириш ва узайтириш, “Амина” мобил иловасидан тўғри фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.
Очиқ мулоқот давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш, таклиф ва мулоҳазаларини билдириш имконига эга бўлди. Ёшларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштироки, миллий қадриятларни асраш ва олган билимларини Ўзбекистон тараққиёти йўлида қўллаш масалалари кўриб чиқилди.
Элчи хорижда таҳсил олаётган ўзбек ёшлари мамлакатнинг муҳим интеллектуал ва кадрлар салоҳияти эканини таъкидлаб, сифатли таълим олиш, фаол фуқаролик позицияси ва касбий камолотнинг аҳамиятига эътибор қаратди.
Учрашув якунида МДХМИ раҳбарияти Ўзбекистон элчихонаси ва талабалар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, академик ва маданий-гуманитар алоқаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



