“Gulf Times” газетаси: Инсон ҳуқуқ ва қадр-қиммати Ўзбекистон янгиланишларининг устувор йўналишидир
Ноябрь 09, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 63
ДОҲА, 9 ноябрь. /“Дунё” АА/. Қатарнинг нуфузли “Gulf Times” газетасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматованинг “Ўзбекистон ислоҳотлар кун тартибининг марказида инсон қадр-қиммати” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллифнинг қайд этишича, Президент Шавкат Мирзиёев учун мамлакат тараққиёти фақатгина макроиқтисодий кўрсаткичлар ва қурилган объектлар билан эмас, балки инсонларнинг кундалик ҳаётидаги сифатли ўзгаришлар билан ўлчанади. Ҳозирги курс Ўзбекистонни инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шарафи ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган ижтимоий давлат сифатида эълон қилган 2023 йилги Конституцияга асосланади.
Мақолада таъкидланишича, ўтган давр мобайнида мамлакатда 1,5 миллион ўқув ўрнига мўлжалланган мактаблар, 342 минг болалар боғчаси ва 62 минг ўринли шифохоналар барпо этилди, 8 миллиондан ортиқ киши яшайдиган турар жойлар марказлашган сув тармоқларига уланди. Инсон ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги модели – маҳалла тизими ривожлантирилди. “Маҳалла еттилиги” муаммоларни оила даражасида аниқласа, “Инсон” марказлари орқали фуқароларга “ягона дарча” тамойили асосида юздан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда.
Гендер тенглиги соҳасида эса маиший зўравонлик ва тажовузлар учун жавобгарлик кучайтирилгани қайд этилган.
Мақоланинг салмоқли қисми фуқаролик жамиятига бағишланган. ННТлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва блогерлар жамоатчилик назоратида иштирок этмоқда, омбудсман эса инсон ва давлат ўртасида кўприк вазифасини бажариб, мурожаатларни кўриб чиқади, камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар беради ҳамда жамоатчилик гуруҳлари билан биргаликда ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифларини уюштиради.
Якунда муаллиф Президент томонидан мустақилликнинг 35 йиллигига бағишлаб эълон қилинган еттита миллий дастурни эслатиб ўтади: билим ва кўникмалар, соғлом ҳаёт, юқори технологик иқтисодиёт, сув ва экологияга янгича ёндашув, судлар мустақиллиги ва қонун устуворлиги, маҳалла ролини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг тинч ва меҳмондўст мамлакат сиёсий имижини мустаҳкамлаш. Феруза Эшматованинг фикрича, инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш адолатга бўлган ишончни мустаҳкамлайди ва ўзини-ўзи қўллаб-қувватлайдиган демократия ва тараққиётнинг “ижобий ҳалқаси”ни ишга туширади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси