Япониянинг 15 та етакчи транспорт ва логистика компаниялари раҳбарларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюради
Октябрь 16, 2026. 19:38 • 2 дақ
• 18
ТОКИО, 16 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Токиодаги элчихонасида Япониянинг “Onodera User Run” компанияси президенти Джун Като билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Япония ўртасида транспорт, логистика ва меҳнат миграцияси соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда жорий йилнинг 15–20 ноябрь кунлари Джун Като бошчилигида Япониянинг 15 та етакчи транспорт ва логистика компаниялари раҳбарларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масаласи келишиб олинди.
Сафар давомида меҳмонлар мамлакатимизнинг транспорт инфратузилмаси, йўловчи ташиш тизими ва ҳайдовчиларни тайёрлаш амалиёти билан яқиндан танишишлари кўзда тутилган. Шунингдек, тегишли вазирлик ва идораларда қатор учрашувлар ўтказиш, шу жумладан, “Onodera User Run” компаниясининг Тошкент шаҳридаги “Our Blooming Academy Uzbekistan” ўқув марказида таҳсил олаётган ўзбекистонлик номзодларни Япония компанияларига ишга жойлаштириш истиқболларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, юқори малакали ўзбекистонлик мутахассисларни Япония меҳнат бозорига жалб этиш ва янги қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси