Оғир хасталикка чалинган ватандошимиз Новосибирскдан Ўзбекистонга қайтарилди
Октябрь 16, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 122
НОВОСИБИРСК, 16 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари томонидан россиялик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг Назорат қилинадиган шахслар реестрига киритилган ватандошларимиз оиласини юртга қайтариш бўйича тезкор амалий чоралар кўрилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Маълум қилинишича, оиланинг фарзанди С.Х имконияти чекланган шахс бўлиб, у ўнг оёғидан айрилган. Унга шу йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Новосибирск илмий-тадқиқот травматология ва ортопедия институтида навбатдаги мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарур эди.
Бош консул томонидан Новосибирск вилоятида болалар ҳуқуқлари бўйича вакил билан тезкор мулоқотлар ўтказилиб, С.Хнинг оғир жисмоний аҳволи ва даволанишни айнан Новосибирскда давом эттириш зарурати инобатга олинган ҳолда, болаларни мазкур реестрдан чиқариш масаласида амалий ёрдам сўралди.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳамда ватанга қайтиш сертификатлари расмийлаштирилиб, она ва унинг фарзандларини вақтинча Ўзбекистонга қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Миграция агентлигининг ваколатхонаси томонидан оиланинг барча аъзоларига авиачипталар сотиб олинди. Новосибирск Бош консулхонаси дипломатлари оилани шаҳар халқаро аэропортига кузатиб қўйдилар ва улар 15 октябрь куни Тошкентга учиб кетди.
Қайд этилишича, она ва болалар Ўзбекистонда бўлган вақт давомида Бош консулхона томонидан уларни Назорат қилинадиган шахслар реестридан чиқариш масаласи ижобий ҳал этилади. Бу эса она ва қизига даволаниш курсини давом эттириш учун кейинчалик Новосибирскга қайтиш имконини беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси