Эгаллаган билим ва тажрибамизни Ватанимиз равнақига йўналтирамиз

Сентябрь 17, 2026. 09:30 • 5 дақ

236
Эгаллаган билим ва тажрибамизни Ватанимиз равнақига йўналтирамиз

СЕУЛ, 17 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида анъанага кўра ушбу мамлакатда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошларимиз билан учрашиб, улар билан суҳбатлашди.

“Дунё” ахборот агентлиги мухбири давлатимиз раҳбари билан суҳбатлашган юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Лобар Зоирова, “Sookmyung” аёллар университети магистранти:

– Қарши шаҳрида туғилганман. Ҳозирда Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси кўмагида ушбу мамлакатдаги ўзбек хотин-қизларини бирлаштирувчи “Опа-сингиллар” жамоасини бошқариб келаяпман.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан юзма-юз учрашув менда унутилмас таассуротлар билан ёдда қоладиган воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбари билан қўл бериб саломлашиш, у кишининг фикр-мулоҳазаларини тинглаш мен учун катта шараф.

Учрашув давомида Президентимиз хорижда таълим олаётган ёшларнинг билим ва тажрибасини Ўзбекистон тараққиёти учун муҳим ресурс сифатида кўришини таъкидлади. Ёшларнинг ўз мутахассислиги бўйича Ватанга қайтиб, муносиб фаолият юритиши учун зарур шароит ва янги иш ўринларини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида фикр билдирди.

Мулоқот давомида давлатимиз раҳбари бизнинг фикр ва таклифларимизни диққат билан тингладилар. Билдирилган таклифлар юзасидан шу ернинг ўзида тегишли ечим ва топшириқлар берилгани мулоқотнинг амалий руҳда кечганини кўрсатди.

Бу жараён бизга ўз фикримизни эркин билдириш, таклифларимиз билан фаол иштирок этиш ва мамлакатимиз ривожига дахлдорлик ҳиссини янада чуқурроқ англаш имконини берди.

Президентимизнинг ёш авлодга билдираётган ишончи алоҳида эътиборга лойиқ. Хорижда таҳсил олаётган биз ёшлар учун бу ишонч катта имконият билан бирга масъулият ҳамдир.

Мен сиёсатшунослик ва халқаро муносабатлар йўналишида таҳсил олаётган ёш сифатида бу учрашувни ўз касбий йўлим билан чамбарчас боғлайман. Кореяда олаётган билимим ва орттираётган тажрибамни келгусида Ўзбекистон манфаатлари йўлида сарфлашни мақсад қилганман.

Учрашувдан хулосам шу бўлдики, хорижда таълим олаётган ҳар бир ёш ўз билимини нафақат шахсий келажаги, балки Ватан тараққиёти учун ҳам катта имкониятга айлантира олиши керак. Президентимиз билан учрашув бизга ана шу масъулиятни янада чуқур ҳис қилишга ёрдам берди.

Шаҳзода Йўлдошева, Ханкук хорижий тиллар университети 4-босқич талабаси:

– Президент билан учрашув ҳаётимдаги унутилмас кунлардан бири бўлди. Давлат раҳбари билан кўришиш мен учун ёрқин ва қувончли воқеадир.

Учрашувда хорижда таълим олаётган ёшлар сифатида ўз фикр ва таклифларимизни билдириш, Ватанимиз тараққиёти ҳақида очиқ мулоқот қилиш имконига эга бўлдик.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар тобора янги босқичга кўтарилаётганига гувоҳ бўлиш, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги имкониятлари ҳақида эшитиш бизни доим хурсанд қилиб келган.

Энг муҳими, биз ёшларга билдирилаётган ишончни ҳис қилдик. Бу ишончни билим, меҳнат ва ютуқларимиз билан оқлашга ҳаракат қиламиз.

Шунингдек ўқинг

Ватанга хизмат қилиш – қаерда бўлишингдан қатъи назар, унинг тараққиётига ўз ҳиссангни қўшишдан бошланади.

Муқаддам Исомова, Жанубий Кореянинг “LS ELECTRIC” компанияси мутахассиси:

– Бухоро вилоятида туғилиб ўсганман. Жанубий Кореяда биринчи, дунё бўйича 38-ўринда турадиган Сеул миллий университетининг халқаро муносабатлар йўналиши бўйича магистратура босқичини тамомлаганман.

Ҳозирда Жанубий Кореянинг электр энергетикаси, автоматлаштириш ва электр ускуналари соҳасида фаолият юритувчи етакчи “LS ELECTRIC” компаниясининг халқаро савдо бўлимида фаолият юритяпман.

Сеул шаҳрида Президентимиз билан учрашиш менга ҳам насиб қилди. Бу учрашув оддий бир тадбир эмас, балки ҳаётимдаги энг унутилмас ва катта маънавий аҳамиятга эга воқеалардан бири бўлди.

Учрашув давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг хотин-қизларга яратиб бераётган имконият ва қўллаб-қувватловини яна бир бор ҳис қилдим. Чунки учрашув иштирокчиларининг қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этди.

Суҳбат чоғида биз ўзимизни хорижда таълим олаётган ёки меҳнат қилаётган ёшлар сифатида эмас, балки Ўзбекистоннинг келажаги учун масъулият ҳис қилаётган бир авлод сифатида англадик.

Учрашувда Президентимизнинг “Ота-онангизга сиздек фарзандларни ўстириб-улғайтиргани учун менинг номимдан шахсан раҳмат деб қўйинглар”, деган сўзлари мени таъсирлантириб юборди. Чунки ота-онамнинг дуоси ва қўллаб-қувватлови туфайли бугунги даражага етганман.

Бу учрашувдан сўнг ўз олдимга янада катта орзу ва мақсадлар қўйдим. Нафақат илм-таълим йўналишида, балки Ўзбекистоннинг электр энергетикаси ва автоматлаштириш соҳаларини янада ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшишни истайман.

Бугун хорижда орттираётган билим ва тажрибаларимни келажакда Ватанимиз манфаати йўлида қўллаш, кучли ва малакали кадр бўлиб, Ўзбекистонга қайтиш – бу менинг энг катта мақсадларимдан биридир.

Иброҳим Маҳмудов, Жанубий Кореядаги “Keumseong” юридик фирмаси мутахассиси:

– Давлатимиз раҳбари билан учрашув биз, ёшлар учун тарихий кун бўлди, десам муболаға бўлмайди. Чунки тадбир давомида Президентимизнинг кўзларидаги қувонч ва самимий сўзларидан ҳаммамизнинг қалбимиз фахр-ифтихорга тўлди.

Президент билан қўл бериб кўришиш мен учун алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, учрашувдан катта куч, ғайрат ва янги шижоат олдим. Давлатимиз раҳбарининг “Биз сизларни кутамиз, албатта, юртга қайтинглар”, деган сўзлари менда катта таассурот қолдирди.

Бу сўзлар бизга нафақат ота-онамиз, балки бутун Ватанимиз кутаётганини яна бир бор ҳис этишимизга сабаб бўлди. Шу билан бирга, юрт олдидаги масъулиятимизни янада чуқур англаб, ўз фаолиятимизга катта масъулият билан қарашимиз кераклигини ҳис қилдик.

Ушбу учрашувдан сўнг ўзим учун қарор қабул қилдим: ҳар бир киши қаерда бўлишидан, қандай касб билан шуғулланишидан қатъи назар, ўз Ватанига хизмат қилиши шарт.

Ушбу унутилмас учрашув учун Президентимизга самимий миннатдорлигимни билдираман. Ватанимиз равнақи ва халқимиз манфаатлари йўлида хизмат қилиш биз учун нафақат шараф, балки катта масъулиятдир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш