Logo

Ўзбекистон делегацияси Дубайда бўлиб ўтган "Gitex Global" кўргазмасида иштирок этди

Октябрь 18, 2025. 15:42 • 58 сония

40
Ўзбекистон делегацияси Дубайда бўлиб ўтган "Gitex Global" кўргазмасида иштирок этди

АБУ-ДАБИ, 18 октябрь. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 13-17 октябрь кунлари "IT-Park Uzbekistan" ижрочи директори Абдулахад Қўчқоров бошчилигидаги юртимиз делегацияси Дубайда бўлиб ўтган "Gitex Global" кўргазмасида иштирок этди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.  

  

"Gitex Global" 1981 йилдан буён Дубайда мунтазам ўтказиладиган дунёдаги энг йирик технология ва инновациялар кўргазмаси ҳисобланади. Унда бутун дунёдан минглаб компаниялар, стартаплар, инвесторлар, давлат ташкилотлари ва IT-мутахассислари иштирок этади. "Gitex Global" технологик инновацияларни намойиш этиш, илғор тажрибаларни алмашиш ва янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш учун муҳим платформага айланиб улгурган.

Тадбир доирасида мамлакатимиз делегацияси аъзолари IT-компаниялар, акселераторлар ва венчур капитал фондлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди. IT-хизматлари экспортини ривожлантириш, Марказий Осиёда стартапларни қўллаб-қувватлаш, хорижий сармояларни жалб қилиш асосий муҳокамаларнинг асосий мавзуси бўлди.

"IT-Park Uzbekistan" ва "Astana Hub" ҳамкорлигида ташкил этилган "Unlocking Central Asia" конференциясида 120 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Тадбирда стартапларни ривожлантириш, халқаро акселерация дастурларини ишга тушириш ва инвестицияларни жалб қилишга қаратилган "Tumar Innovation Hub" платформасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир давомида эришилган келишув ва ташаббуслар 300 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш ҳамда 4 миллион АҚШ долларига тенг IT-хизматлари экспортини қўллаб-қувватлаш имконини беради.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш