Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Декабрь 14, 2025. 11:31 • 2 дақ
• 188БУДАПЕШТ, 15 декабрь. /“Дунё” АА/. Элчихона кўмагида Инновацион ривожланиш агентлиги директори вазифасини вақтинча бажарувчи Асрор Норов бошчилигида Ўзбекистон делегациясининг Венгрияга хизмат сафари ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Делегация аъзолари Туркий давлатлар ташкилоти ва Европа Иттифоқи ўртасида учувчисиз учиш аппаратлари соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш, илмий тадқиқот ва инновациялар бўйича ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ташкил этилган “International Drone Summit – 2025” халқаро саммитида қатнашди.
Тадбир доирасида, учувчисиз учиш аппаратларини яратиш, бошқариш ва фойдаланиш имкониятлари юзасидан Венгрия давлатида фаолият юритувчи компаниялар билан музокаралар олиб борилди. Ушбу компаниялар томонидан университетлар билан ҳамкорликда талабалар учун ташкил этилаётган тренинг дастурлари ҳамда ўтказилаётган синов амалиётлари бўйича тажриба алмашилди.
Венгриянинг Edutus университети ва “CloudIA Plc” компанияси билан илмий стажировкалар ташкил этиш, тадқиқот ва инновациялар тўғрисида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Венгрия Маданият ва инновациялар вазири Балаж Ханко билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Унда Венгрия университетларида илм-фан, тадқиқот ва инновацион фаолиятни бошқаришнинг янги моделини ўзлаштириш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш жараёнини кучайтириш мақсадида Венгриялик малакали мутахассислардан бирини Агентлик директорига маслаҳатчи сифатида жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Обуда университети ректори, профессор Левенте Ковач билан учрашувда ўзбекистонлик ёш олимлар учун илмий стажировкалар ташкил этиш, Жиззах вилоятида ишга туширилиши режалаштирилаётган технопаркни Обуда университетига ишончли бошқарувга бериш имкониятлари ҳақида фикр-мулоҳаза алмашилди. 50 нафарга яқин ўзбекистонлик талабнинг Обуда университетига стажировка ва алмашинув дастурларига қабул қилинишига келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди



