Ўзбекистон делегацияси Исломободда бўлиб ўтан Парламентлараро спикерлар конференциясининг биринчи мажлисида иштирок этди
Ноябрь 14, 2025. 16:17 • 2 дақ
• 40
ИСЛОМОБОД, 14 ноябрь /"Дунё" АА/. Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро спикерлар конференциясининг биринчи мажлисида қатнашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт" мавзусида ўтказилган халқаро тадбирда 38 та мамлакат парламент делегациялари иштирок этди.
Халқаро анжуманнинг очилишида Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, мамлакат парламенти Сенати раиси Юсуф Ризо Ғилоний, Парламентлараро спикерлар конференцияси бош котиби Натх Дакал ва Покистон парламенти Сенати раиси маслаҳатчиси, Парламентлараро спикерлар конференцияси элчиси Мисбаҳ Кхар нутқ сўзлади.
Бош вазир Шаҳбоз Шариф ўз нутқида, Покистон азалдан тинчлик, мулоқот ва дипломатик ечимлар тарафдори бўлиб, барқарорликни миллий ва минтақавий ривожланишнинг асоси деб билишини қайд этди. У мамлакат глобал беқарорлик оқибатларини ҳис этиб келаётганига қарамай, тинчлик ва хавфсизликка содиқ қолганига урғу берди.
Покистон парламенти Сенати раиси Юсуф Ғилоний ўз нутқида тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт барқарор ўсишнинг ажралмас таянчи эканини таъкидлаб, мазкур конференциянинг ташкил этилиши умумий муаммоларни муҳокама қилиш ва биргаликда ечимлар ишлаб чиқиш учун Глобал Шимол ва Глобал Жануб вакилларини бирлаштирган парламент дипломатиясини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам дея атади.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз навбатида дунё ҳамжамияти олдида турган глобал муаммоларга ечим топиш, тинчликни таъминлаш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги транспорт коридорларини очиш ва парламент дипломатияси имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган ташаббус ва таклифлар ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Мамлакатимиз делегацияси аъзолари тадбир доирасида бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Бўлиб ўтган учрашувларда икки томонлама алоқаларни, хусусан, парламентлараро ҳамкорликни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Исломобод шаҳрига ташриф доирасида Покистон дипломатик хизмат академияси бош директори Сайид Али Асад Ғилоний билан учрашув бўлиб ўтди. Унда жорий йилнинг февраль ойида икки мамлакат дипломатик академиялари ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишувлари ижроси, хусусан, ўзаро академик алмашинувлар кўламини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Парламентлараро спикерлар конференцияси 2025 йил 11 апрелда Сеул шаҳрида Покистон парламенти Сенати Раиси Юсуф Ғилоний ташаббуси билан таъсис этилган. Тузилма бош котиби Непал вакили Натх Дакал ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди