Logo

Ўзбекистон делегацияси Мисрнинг "EDEX-2023" халқаро мудофаа кўргазмасида иштирок этди

Декабрь 14, 2023. 09:41 • 58 сония

138
Ўзбекистон делегацияси Мисрнинг "EDEX-2023" халқаро мудофаа кўргазмасида иштирок этди

ҚОҲИРА, 14 декабрь. /"Дунё" АА/. Жорий йил 4-7 декабрь кунлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги делегацияси Қоҳира шаҳрида ташкил этилган учинчи "EDEX-2023" халқаро мудофаа кўргазмасида иштирок этди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон элчихонаси маълум қилишича, тадбир доирасида мамлакатимиз делегацияси Миср ҳарбий ишлаб чиқариш давлат вазири Муҳаммад Салоҳиддин томонидан қабул қилинди. Музокаралар давомида икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда мудофаа саноати маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, Миср томони Ўзбекистондан баъзи турдаги маҳсулотлар импортига қизиқиш билдирди ва алоқаларни жадаллаштиришдан манфаатдорлигини таъкидлади.


"EDEX 2023" халқаро мудофаа кўргазмаси давомида павильонларда маҳаллий ва хорижий ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи вакиллар билан манфаатли музокаралар олиб борилди.


Таъкидлаш жоизки, ушбу кўргазма мудофаа соҳасида Африка ва Яқин Шарқда энг йириги ҳисобланиб, ҳар икки йилда Миср президенти раҳнамолигида ўтказиб келинмоқда.


Тадбирда ўз маҳсулотлари билан 46 та давлатдан 400 га яқин ишлаб чиқарувчилар иштирок этди, шунингдек, 50 дан ортиқ мамлакатдан расмий делегациялар қабул қилинди. "EDEX 2023" хорижий делегациялар ўртасида икки томонлама музокаралар ўтказиш, экспорт-импорт шартномаларини имзолаш ва ҳамкорликни ривожлантириш учун имконият яратди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш