Logo

Ўзбекистон дипломатлари "Campus France" агентлиги раҳбарияти билан қўшма таълим дастурларини муҳокама қилдилар

Ноябрь 28, 2024. 15:50 • 2 дақ

250
Ўзбекистон дипломатлари "Campus France" агентлиги раҳбарияти билан қўшма таълим дастурларини муҳокама қилдилар

ПАРИЖ, 28 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон дипломатлари Франциянинг "Campus France" агентлиги бош директори Донатьен Хиссар билан учрашув ўтказдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Донатьен Хиссар охирги 5 йил ичида жаҳонда талабалар алмашинуви 248 миллион нафар, яъни 25 фоизга ошганига эътибор қаратди. 2016-2021 йиллар мобайнида чет элга таълим олиш учун юборилган талабалар сони бўйича Германиядан сўнг (126,3 минг нафар) Ўзбекистон ўнталик рейтингда 5 ўринга (109945 нафар, +234%) чиққанлиги алоҳида таъкидланди.

Франция вакили ушбу ижобий динамикадан келиб чиқиб, Ўзбекистон билан таълим соҳасида ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Франция олий ўқув юртлари Ўзбекистонда улкан инсон капитали, республиканинг бой илмий-таълим базасини ҳисобга олган ҳолда мамлакатимиз таълим бозорида иштирок этишдан манфаатдор экани таъкидланди.

Тошкентда ташкил этилаётган "Ўзбек-француз" университети икки мамлакат ўртасида таълим соҳасида кўплаб имкониятларни очиб бериши, хусусан, талабалар алмашинувини янада кучайтиришига хизмат қилиши қайд этилди.

Томонлар 2025 йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган учинчи "Ўзбек-француз" таълим форумини юқори савияда ташкил этишда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Бундан ташқари, Франциянинг иқлим ўзгариши, экология, атроф муҳит ва барқарор ривожланиш йўналишларидаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва ўзбекистонлик талабаларни билим ва кўникмаларини ошириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш