Ўзбекистон Марказий банки ва тижорат банклари вакиллари учун Буюк Британияда тренинглар ташкил этилди
Июль 18, 2025. 09:55 • 50 сония
• 47
ЛОНДОН, 18 июль. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Британиянинг "MBF Academy" муассасаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 8-18 июль кунлари Ўзбекистон Марказий банки ва юртимиздаги тижорат банклари масъул ходимлари учун Буюк Британияда тренинглар ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тренинглар эскроу тизими ва қурилишни лойиҳалаштириш, жумладан банкларда аудит ва рискларни бошқаришда халқаро тажрибани ўрганиш мавзуларида бўлиб ўтди.
Ўқувлар давомида Британияда эскроу тизимининг ишлаши, қурилишни лойиҳалаштириш ва уни суғурталаш каби йўналишларда амалий машғулотлар ўтказилди.
Ўзбекистон элчихонасида мазкур курсни тамомлаган тингловчилар учун малака сертификатларини топшириш тадбири ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов, "MBF Academy" раҳбари ва Борнмут университети профессори Хуршид Жалилов битирувчиларни қутладилар.
"MBF Academy" ташкилоти Британияда таъсис этилган. У тадқиқот ва касбий амалиётни ривожлантириш мақсадида халқаро конференциялар, семинарлар, маҳорат дарслари ва ихтисослаштирилган ўқув дастурлари каби тадбирларни ишлаб чиқади.
Мазкур ташкилот шу кунгача Ўзбекистон тингловчилари учун Британияда оффлайн шаклда 10 дан ортиқ ўқув дастурларини ташкил қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди