Logo

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида иттифоқчилик алоқалари медиа соҳасида ҳам янада мустаҳкамланмоқда

Сентябрь 30, 2025. 13:38 • 2 дақ

72
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида иттифоқчилик алоқалари медиа соҳасида ҳам янада мустаҳкамланмоқда

БОКУ, 30 сентябрь. /"Дунё" АА/. Боку шаҳрида қардош халқлар – Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган II Ўзбекистон–Озарбайжон медиафоруми ўз ишини бошлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур нуфузли тадбир Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил август ойида Озарбайжонга амалга оширган давлат ташрифи давомида имзоланган "йўл харитаси" доирасида ташкил этилди.

Форумда Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Миллий контентни ривожлантириш агентлиги, вазирлик ва идоралар матбуот котиблари ҳамда ўндан ортиқ маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.

Медиа – икки халқни боғлайдиган мустаҳкам кўприк

Бу йилги медиафорум "Рақамли трансформация ва медиа" мавзусига бағишланди. Унда рақамли технологияларнинг медиа саноатига таъсири, глобал трендлар, янги имкониятлар ва сифатли контент яратишдаги инновацион ёндашувлар муҳокама қилинмоқда.

Озарбайжон Оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш агентлиги ижрочи директори Аҳмад Исмайилов сўзга чиқиб, Президент Илҳом Алиев ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси натижасида икки мамлакат ўртасидаги тарихий алоқалар бугунги кунда стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлади. Шу жараёнда медиа соҳасидаги ҳамкорлик халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти бўлим мудири Дилшод Саиджонов ҳам ўз нутқида, медиа соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш – ахборот алмашинувини фаоллаштириш, дезинформацияга қарши курашиш ва минтақавий ахборот хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил эканини алоҳида таъкидлади.

Ҳамкорлик истиқболлари

Озарбайжон Аудиовизуал кенгаши раиси Исмат Саттаров рақамли ОАВ ривожи янги ёндашувларни талаб этишини, бу жараёнда халқаро ҳамкорликнинг ўта муҳим эканини қайд этди.

Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси Бахром Ашрафхонов эса медиа соҳасидаги шериклик икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларининг ажралмас йўналиши эканини таъкидлади. Шу билан бирга, қўшма медиа платформалар халқларимиз умумий қадриятларини кенг тарғиб этишда самарали хизмат қилаётгани қайд этилди.

Форумда, шунингдек, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети проректори Нозима Муратова мазкур тадбир олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликни кучайтириб, бўлажак журналистлар учун замонавий билим ва кўникмаларни шакллантиришда катта имкониятлар яратишини таъкидлади.

Медиа ҳамкорлиги – келажак учун мустаҳкам пойдевор

Форум давомида "Рақамли асрда медиа ҳамкорлиги: ахборот хавфсизлиги йўлида қўшма ташаббуслар" ва "Рақамли ахборот муҳитида ахлоқий масъулият" мавзуларида панель сессиялар бўлиб ўтмоқда.

Шубҳасиз, бугунги медиафорум нафақат икки давлат ахборот маконини яқинлаштиради, балки халқаро миқёсда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг умумий овозини янада кучайтириб, қардош халқларни бирлаштирувчи мустаҳкам кўприкка айланади.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш