Logo

Ўзбекистоннинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаларидаги салоҳияти Ашхободда ўтган халқаро кўргазмада юксак баҳоланди

Октябрь 15, 2025. 12:04 • 53 сония

15
Ўзбекистоннинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаларидаги салоҳияти Ашхободда ўтган халқаро кўргазмада юксак баҳоланди

АШХОБОД, 15 октябрь. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 10-12 октябрь кунлари Ашхобод шаҳрида Туркманистон соғлиқни сақлаш ва тиббиёт саноати ходимлари кунига бағишланган анъанавий халқаро кўргазма ва илмий конференция бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистон, Туркманистон, Россия, Германия, АҚШ, Туркия, Хитой ва бошқа давлатлар компаниялари ўз маҳсулотларини намойиш этди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошчилигида 14 та фармацевтика корхоналаримиз кўргазмада фаол иштирок этди. "Made in Uzbekistan" бренди остида халқаро стандартларга жавоб берувчи дори-дармонлар, тиббий асбоб-ускуналар, болалар озуқаси ва бошқа маҳсулотлар тақдим этилди.

Кўргазмага ташриф буюрган Туркманистон ҳукумати аъзолари, тиббиёт ва фармацевтика соҳаси раҳбарияти вакиллари Ўзбекистон стендларида намойиш этилган маҳсулотларнинг хилма-хиллиги, сифати ва замонавийлигини юқори баҳолади.

Тадбир доирасида ўтказилган учрашув ва музокаралар якунида Ўзбекистон корхоналари томонидан Туркманистонга тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари экспорти бўйича қатор шартномалар имзоланди.

Мазкур тадбирлар Ўзбекистон фармацевтика саноатининг халқаро миқёсдаги нуфузини оширишга ҳамда қардош Туркманистон билан соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш