Logo

Пинангда Ўзбекистон-Малайзия туризм-форуми бўлиб ўтди

Октябрь 05, 2025. 11:48 • 2 дақ

27
Пинангда Ўзбекистон-Малайзия туризм-форуми бўлиб ўтди

ПИНАНГ, 5 октябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан Пинанг штатида Ўзбекистон-Малайзия туризм-форуми ташкил этилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Форумда Малайзиянинг Пинанг штати маъмурияти раҳбарияти, туроператорлар, туризм индустрияси экспертлари, ишбилармон доиралари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида сўзга чиққан юртимиз элчиси Каромиддиин Гадоев охирги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар, янги туризм масканлари ва йўналишлари, соҳадаги инвестиция ва транспорт имкониятлари тўғрисида тўхталди. Малайзиялик туроператорлар ва инвесторлар мамлакатимизга сайёҳлик ва ишчи гуруҳлари билан келишга чақирилди.

Пинанг штати администрацияси вакилли, «Пенанг Глобал Тоурисм» ташкилоти бош ижрочи директори Чок Ян малайзияликлар Ўзбекистонни бой тарихий ва маданий меросга эга бўлган мамлакат сифатида билишини таъкидлади.

Малайзия туризм ва туроператорлари ассоциациясининг Пинанг штати бўйича бошқармаси раҳбари Каролин Леонг ўз навбатида, туризм соҳасида Ўзбекистон-Малайзия ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди. Унинг айтишича, бу фикрни йилдан йилга ўсиб бораётган сайёҳлар оқимида тасдиқлайди. «Ўзбекистон маданий, зиёрат ва қишки туризм йўналишлари бўйича жозибадор макон сифатида Малайзияда тобора оммалашмоқда», деди у.

Форум давомида мамлакатимиз туркомпаниялари ва Малайзиянинг Пинанг, Келантан, Кедах, Теренггану штатларидаги бир қатор туристик ширкатлари вакиллари ўртасида «В2В» шаклидаги музокаралар ташкил қилинди. Якунда Ўзбекистонга Малайзиядан сайёҳлар оқимини ошириш бўйича келишувга эришилди.

Форум доирасида «Янги Ўзбекистон — Ипак йўли дурдонаси» туризм фотокўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳудудларида барпо этилган янги туризм масканлари, йирик инфратузилма ва маданий мерос объектлари намойиш этилди.

«Баҳор» давлат рақс ансамбли раққосалари ва созандалари иштирокида бўлиб ўтган концерт дастури эса форумнинг асосий тадбири бўлди. Ўзбекистоннинг гастрономик туризмини кенг тарғиб қилиш мақсадида тадбир доирасида ўзбек миллий палови тайёрланди ва иштирокчиларга улашилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш