Logo

Андижон ва Наманган вилоятларида Германия дуал касбий таълим модели жорий этилади

Ноябрь 22, 2025. 12:34 • 2 дақ

61
Андижон ва Наманган вилоятларида Германия дуал касбий таълим модели жорий этилади

ЛЕЙПЦИГ, 22 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси кўмагида Андижон ва Наманган вилоятларидаги педагоглардан иборат делегация Саксония федерал ўлкасининг Лейпциг шаҳрига амалий сафар уюштирди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Делегация таркиби Андижон ва Наманган вилоятларидаги олий таълим, фан ва инновациялар бошқармалари раҳбарлари ҳамда политехникум директорларидан иборат бўлди.

Ташриф доирасида Лейпциг касбий таълим ва қайта тайёрлаш маркази ("ZAW-Leipzig") директори Маттиас Майер ҳамда Лейпциг Савдо-саноат палатаси бошқарув директори Марио Бауэр билан учрашув ташкил этилди. Мулоқот жараёнида вилоятлардаги ўқув муассасаларида немис дуал касбий таълим моделини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Делегацияси аъзолари "ZAW-Leipzig" таркибига кирувчи ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва касб-ҳунар бўйича таълим муассасаларига ҳам ташриф буюрди. Бу ерда ҳамюртларимиз Германиядаги дуал таълим тизими амалиёти, ўқув жараёнини ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш механизмлари ва ушбу жараёнда корхоналарнинг иштироки билан танишди.

Ташриф давомида томонлар ўртасида 2026 йилдан немис касбий таълим моделларини йўлга қўйиш бўйича меморандумлар имзоланди. Хусусан, ушбу меморандумга кўра, водий вилоятларида металлга ишлов бериш, монтаж технологияси, қирқиш ва конструкция қилиш, гастрономия, саноат электриги, паззандачилик каби мутахассисликлар бўйича касбга тайёрлаш ишлари кўзда тутилган.

Бундай ташаббуслар нафақат юртимизда, балки халқаро меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган, амалий кўникмаларга эга юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, Ўзбекистон–Германия ҳамкорлигини касбий таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш