“NewsMark” журнали: Ўзбекистон транспорт-логистика имкониятларини халқаро майдонда намойиш этмоқда

Октябрь 09, 2026. 12:30 • 3 дақ

• 91
“NewsMark” журнали: Ўзбекистон транспорт-логистика имкониятларини халқаро майдонда намойиш этмоқда

БЕРЛИН, 9 октябрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг “NewsMark” журналида Ўзбекистоннинг транспорт-логистика соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Мақола муаллифи Кристиан Гроссе Ўзбекистоннинг транспорт-логистика соҳасида амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари, халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш стратегияси ва Берлинда ўтказилган “InnoTrans 2026” кўргазмасидаги иштирокига алоҳида тўхталиб ўтган.

Нашрнинг таъкидлашича, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ авваллари “InnoTrans” кўргазмаси доирасида асосан делегация шаклида иштирок этган бўлса, бу йил биринчи марта алоҳида миллий экспозиция билан қатнашди.

Дунё транспорт саноатининг 59 мамлакатдан 3 мингдан зиёд компаниясини бирлаштирган кўргазмада Ўзбекистон томони маҳаллий ишлаб чиқарилган юк вагонларини халқаро бозорга олиб чиқиш, логистика соҳасида янги шерикликни йўлга қўйиш ва Ғарбий Европа компаниялари билан технологик ҳамкорликни кенгайтиришни мақсад қилган.

Материалда Ўзбекистоннинг Европа ва Осиёни боғловчи стратегик транспорт бўғини сифатидаги аҳамияти тобора ортиб бораётганига урғу берилган. Хусусан, “Ўзбекистон темир йўллари” томонидан ўтган йили 106,4 миллион тонна юк ташилгани, жорий йилда ички ва транзит юк ташиш ҳажмини яна 20 фоиздан ошириш режалаштирилаётгани қайд этилган.

Бу борада Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли муҳим аҳамиятга эга. Қиймати қарийб 4,7 миллиард АҚШ долларига баҳоланаётган 523 километрлик мазкур йўл Хитойдан Европага юк етказиб бериш муддатини тахминан 7–10 кунга қисқартириши кутилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, Ўзбекистон Каспий денгизи орқали Озарбайжон, Грузия ва Туркия йўналишидаги Ўрта коридор имкониятларидан фойдаланишни кенгайтириб, Польша ва Литва каби Европа мамлакатлари билан мунтазам логистика йўналишларини ривожлантиришга эътибор қаратмоқда.

Мамлакат темир йўл инфратузилмасини техник модернизация қилиш жараёни ҳам алоҳида ёритилган. Жумладан, Бухоро–Урганч–Хива йўналишининг электрлаштирилиши натижасида миллий темир йўл тармоғининг электрлаштирилган қисми 51 фоиздан ошгани, 2030 йилга бориб ушбу кўрсаткични 65 фоизга етказиш мақсад қилингани таъкидланган.

Журналда “InnoTrans 2026” доирасида ўтказилган халқаро музокараларга ҳам эътибор қаратилган. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ делегацияси Туркиянинг “TCDD Taşımacılık” компанияси раҳбарияти билан Туркия–Озарбайжон–Грузия–Ўзбекистон йўналишида юк ташишни такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилган. Польшанинг “PKP” компанияси ва Европа Иттифоқи институтлари вакиллари билан ҳам алоқалар ўрнатилган.

Кўргазмада хусусий сектор вакили “Mikroelektronika Plyus” компаниясининг иштирок этгани ҳам Ўзбекистон темир йўл саноатида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришларнинг натижаси сифатида баҳоланган. Компания темир йўл транспорти учун замонавий электрон қурилмалар, бошқарув тизимлари ва дастурий ечимларни тақдим этган.

Немис нашри Ўзбекистоннинг транспорт сиёсатини “Ўзбекистон–2030” стратегияси билан боғлаб, 2030 йилга қадар транспорт ва логистика инфратузилмасига қарийб 9,1 миллиард доллар инвестиция йўналтириш режалаштирилаётганини келтиради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш