Буюк Британиянинг “Woolf Institute” делегацияси Ўзбекистондаги миллатлараро ва динлараро тотувлик тажрибасини ўрганди
Ноябрь 17, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 44ЛОНДОН, 17 ноябрь. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг “Woolf Institute” ва Кембридж университети делегацияси Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, Ўзбекистоннинг динлараро тотувлик ва виждон эркинлигини таъминлаш борасидаги тажрибаси билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Меҳмонларга диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, толерантлик ва конфессионал ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни ёт ва радикал ғоялардан ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берилди.
Делегация, шунингдек, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги тарихий обидалар ҳамда зиёратгоҳларга ташриф буюрди.
Кембридж шаҳрида жойлашган “Woolf Institute” яҳудийлик, христианлик ва ислом динлари ўртасидаги ўзаро англашув, академик тадқиқотлар ҳамда динлараро мулоқотни ривожлантиришга ихтисослашган.
Институт ижроия директори доктор Эстер-Мириам Вагнер Ўзбекистон Марказий Осиёнинг юраги экани, минтақанинг бой ислом меросини боғлаб туришини қайд этиб, ёш мамлакатнинг оптимизми ва кенг кўламли режалари ғарб давлатлари учун ҳам намуна бўла олишини таъкидлади.
Институт аъзоси, “Edmond de Rothschild Capital Holdings” собиқ бош директори Рик Софер сафар давомида мадраса талабалари ва ўқитувчилари билан суҳбатларда диний радикализм аломатларини сезмаганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, яҳудий сифатида у учун Самарқанд синагогаларида тазйиқлар ҳақида ҳеч қандай шикоят эшитмагани муҳим аҳамиятга эга. У Буюк Британия ва Европа вакилларини Ўзбекистоннинг бирдамлик ва ўзаро ҳурматни таъминлаш борасидаги тажрибасини ўрганишга чақирди.
Кембридж университети тадқиқотчиси доктор Алия Абдукадир Али Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими уни лол қолдирганини айтди. У Тошкентдаги Зангиота ва Бухородаги Қизбиби зиёратгоҳларида асрлар давомида буюк аёллар хотираси эъзозланиб келинаётганига эътибор қаратди.
Ушбу ташриф Ўзбекистоннинг динлараро тотувлик соҳасидаги тўплаган тажрибасини халқаро ҳамжамиятга етказиш ҳамда Буюк Британия билан илмий-маърифий, маданий ва гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





