Logo

Бухоро вилояти делегацияси Доғистон Республикасида самарали музокаралар ўтказди

Июль 26, 2024. 15:18 • 2 дақ

304
Бухоро вилояти делегацияси Доғистон Республикасида самарали музокаралар ўтказди

МАХАЧКАЛА, 26 июль. /"Дунё" АА/. Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 21-23 июль кунлари ишчи сафари билан Россиянинг Доғистон Республикасида бўлди, дея хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Бухоро вилоят ҳокимлиги делегацияси сафар давомида виночиликка ихтисослашган "ВЕХА" МЧЖ ва ушбу ҳудудда жойлашган узумчилик хўжаликлари фаолияти билан танишди.

Доғистон Республикаси узумчилик ва спиртли ичимликларни тартибга солиш қўмитаси раиси Шериф Керимханов билан кечган мулоқотда мазкур тармоқда икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича истиқболдаги режалар хусусида фикр алмашилди.

Учрашув якунида узум етиштириш соҳасида тажриба алмашиш ва ҳудудий имкониятлар билан танишиш мақсадида Доғистон Республикаси мутахассислари ва инвесторларидан иборат расмий делегациянинг август ойида Бухоро вилоятига сафарини ташкил этишга келишиб олинди.

Мамлакатимиз делегацияси аъзолари Дербент шаҳрига ташрифи давомида шаҳар маъмурияти раҳбари Ахмед Кулиев билан учрашди. Суҳбат давомида ушбу шаҳар Каспий денгизи бўйида жойлашганлиги ва ўзининг тарихий обидалари билан машҳурлиги, 2023 йил давомида Дербент шаҳрига 700 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюргани маълум қилинди.

Бухоро вилояти делегацияси, шунингдек, Дербент шаҳридаги бир қатор корхоналарда бўлди ва уларнинг раҳбарлари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Махачкала шаҳрига ташриф давомида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Доғистон ҳукумати раҳбари Абдулмуслим Абдулмуслимов бошчилигидаги ҳукумат аъзолари билан учрашув ўтказди.

Томонлар савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва ижтимоий-маданий соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқдилар.

Музокаралар натижасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, Махачкала шаҳрида Ўзбекистон савдо уйини очиш тўғрисида келишувга эришилди.

Шунингдек, томонлар туризм хизматлари сифатини ошириш бўйича илғор тажриба ва соҳадаги ташкилотлар ўртасида яқин ҳамкорликни ўрнатиш, сайёҳлар алмашинувини қўллаб-қувватлаш хусусида фикр алмашдилар.

Учрашув натижасида Бухоро вилояти Туризм бошқармаси ва Доғистон Республикаси Туризм вазирлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шундан сўнг, Бухоро вилояти ва Доғистон Республикаси ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида алоҳида учрашув ташкил этилди. Унда Бухоро вилоятига хорижий инвестицияларни жалб этиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, саноат ва савдо кооперацияси масалаларида ҳамкорлик қилиш ва бошқалар тўғрисида аҳдлашиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш