Logo

Тошкентда ташкил этиладиган глобал кўргазмада Ҳиндистон делегацияси иштирок этади

Июнь 27, 2025. 07:27 • 54 сония

96
Тошкентда ташкил этиладиган глобал кўргазмада Ҳиндистон делегацияси иштирок этади

ДЕҲЛИ, 27 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистон Маданият вазирлигида учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Тошкентда барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросими доирасида ташкил этиладиган тадбирларда, хусусан, "Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният мероси" мавзусидаги глобал кўргазмада Ҳиндистон делегациясининг иштироки билан боғлиқ ташкилий масалалар муҳокама қилинди.

Маълумки, Ҳиндистон музейлари ва кутубхоналарида Ўзбекистон ва ўзбек халқи билан боғлиқ бой мерос намуналари сақланиб келинади. Айниқса, Бобурийлар сулоласи даврига мансуб тарихий ҳужжатлар, "Темурнома", "Бобурнома", "Жаҳонгирнома", бошқа ноёб асарларнинг қўлёзма нусхалари, ҳунармандлик санъати намуналари бебаҳо қадр-қимматга эга.

Мулоқот чоғида ушбу ва бошқа салмоқли артефактларнинг "Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният мероси" мавзусидаги халқаро кўргазмада намойиш қилиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Ҳиндистон Маданият вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Санжай Каул Тошкентда ташкил этилаётган глобал кўргазмада Ҳиндистон вакиллари муносиб иштирок этиши, бу борада яқиндан ҳамкорлик қилинишини билдирди.

Деҳлида жойлашган Миллий музейда бўлиб ўтган учрашув чоғида ҳам ушбу йирик муассаса томонидан глобал кўргазмада намойиш қилиш учун тақдим этиладиган экспонатлар рўйхати муҳокама қилинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш