Ўзбекистон делегацияси Япониянинг антидопинг соҳасидаги тажрибасини ўрганди
Июль 24, 2025. 15:53 • 2 дақ
• 30
ТОКИО, 24 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Спорт вазирлиги, Бош прокуратура ва Антидопинг агентлиги масъулларидан ташкил топган ишчи гуруҳ Япониянинг допингга қарши курашиш ва спортда ҳалолликни таъминлаш бўйича тажрибасини ўрганиш мақсадида хизмат сафари билан ушбу мамлакатда бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар давомида Япония Спорт агентлиги Халқаро ҳамкорлик департаменти раҳбари Неҳаши Ҳироки ва Япония Антидопинг агентлиги (JАDА) ижрочи директори Асакава Шин билан учрашувлар ўтказилди.
Унда допингга қарши курашиш бўйича миллий сиёсатни шакллантириш, давлат қўллаб-қувватловини таъминлаш, жисмоний тарбия ва спорт тизимини ҳалоллик принциплари асосида ривожлантириш борасидаги япон тажрибаси билан яқиндан танишилди.
Шунингдек, япониялик мутахассислар томонидан махсус семинар ташкил этилди. Семинар давомида халқаро допингга қарши кураш тизимининг асосий ташкилоти – The World Anti-Doping Agency (WADA) Токио лабораторияси фаолияти, унинг ҳуқуқий мақоми, моддий-техника базаси, илмий тадқиқот ва таҳлил жараёнлари ҳамда спортчилардан намуналар олиш ва уларни халқаро стандартлар асосида таҳлил қилиш услублари батафсил таништирилди.
Бўлиб ўтган музокаралар якунида жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон ва Япония антидопинг агентликлари ўртасида Ҳамкорлик меморандумини имзолашга келишиб олинди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу сафар давомида олинган амалий тажриба ва илғор ёндашувлар мамлакатимизда антидопинг тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, спортчиларимиз учун ҳалол ва соғлом рақобат муҳитини яратиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди