Ўзбекистон делегацияси Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган 28-Евроосиё иқтисодий саммитида иштирок этди
Май 12, 2025. 19:09 • 2 дақ
• 86
ИСТАНБУЛ, 12 май. /"Дунё" АА/. "Тараққиёт стратегияси" маркази ижрочи директори Элдор Туляков бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Туркиянинг "Мармара груп" стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси томонидан Истанбул шаҳрида ташкил этилган 28-Евроосиё иқтисодий саммитида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз делегацияси таркибида мазкур анжуманда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Равшан Фазилов ва давлатимиз раҳбари ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Бахтиёр Мустафоев фаол қатнашди.
"Кўпроқ инсонпарварликка асосланган дунё – яшашга арзигулик дунё учун мулоқот" шиори остида бўлиб ўтган халқаро саммитда, шунингдек, 50 га яқин мамлакатдан 300 дан ортиқ сиёсатчилар, дипломатлар, олимлар, дин арбоблари, ишбилармонлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар, академик доира ва таҳлил марказлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Саммитнинг тантанали очилиш қисмида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг тадбир иштирокчиларига йўллаган табриклари ўқиб эшиттирилди.
Анжуман доирасида бўлиб ўтган "Экология, иқтисодиёт, энергетика, сунъий интеллект ва соғлом турмуш" мавзусидаги сессиясида мамлакатимииз делегацияси раҳбари Элдор Туляков Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестиция салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда ушбу йўналишда белгиланган мақсадлар тўғрисида маъруза қилди.
У ўз нутқида мамлакатимизнинг савдо, инвестициялар ва инновациялар бўйича фаол минтақавий марказ сифатидаги ўрни ҳамда серқирра инвестицион муҳитини намойиш этиш орқали минтақа ва жаҳон миқёсида кенгайиб бораётган ролига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, саммитда иштирок этган халқаро ташкилотлар ва таҳлил марказлари ўртасида янги ҳамкорлик қирраларини ривожлантиришга қаратилган ҳамда долзарб мавзуларга бағишланган сессиялар, шунингдек, ўзаро манфаатли, амалий натижаларга бой қатор учрашувлар ва мулоқотлар бўлиб ўтди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Олтой ўлкаси узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришга интилмоқда
Ўзбекистон ва Туркия транспорт соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди