Ўзбекистон делегацияси Германияда ўтказилган Халқаро нотариуслар конгрессида иштирок этди
Октябрь 11, 2025. 13:51 • 3 дақ
• 103
БЕРЛИН, 12 октябрь. /"Дунё" АА/. Германия пойтахтида Халқаро нотариуслар иттифоқининг 31-конгресси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.
Халқаро конгрессда Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси мамлакатимизда нотариал соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва эришилаётган ижобий натижалар, хусусан фуқаролар учун яратилган қулайликлар, тизимда амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёни, нотариал ҳаракатлар сони ва турини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, медиация соҳасидаги ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Халқаро нотариуслар иттифоқи президенти мамлакатимизнинг нотариал соҳада эришаётган ютуқларини эътироф этиб, мамлакатимизнинг ташкилотга аъзо бўлганига қисқа вақт бўлган бўлсада, ташкилот тузилмаларида нуфузли ўринни эгаллагани мамлакат нотариат тизими халқаро майдонда ҳам юксак нуфузга эга бўлиб бораётганини таъкидлади.
Ричард Бок, Халқаро нотариуслар иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссияси президенти, Германия Федерал нотариал палатаси халқаро алоқалар бўйича бош вакили:
- Нотариат соҳасида Ўзбекистон нафақат Германия, балки Халқаро нотариуслар иттифоқи билан ҳам яқин ҳамкорликда ишламоқда. Ўзбекистонда нотариат тизимини ривожлантириш ва ислоҳ қилиш борасида Германия фаол иштирок этиб келаётган биринчи ҳамкор давлатлардан саналади. Мамлакатингиз билан ҳамкорлигимиз дастлаб 2012 йилда бошланган, Германиянинг Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамияти билан биргаликда Ўзбекистон нотариуслар малакасини ошириш, уларга замонавий билимларни етказиш бўйича курслар ташкил этганмиз. Илк тадбирларимиздан бири нотариат тизимини такомиллаштириш мавзусида давлат хизматидаги 100га яқин нотариус иштирокида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган.
Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда ўтган давр мобайнида давлат нотариат тизимини босқичма-босқич эркин (фриланс) нотариат тизимига айлантиришга муваффақ бўлдик. Бугун Ўзбекистон Халқаро нотариуслар иттифоқининг нафақат тўлақонли аъзоси, балки фаол иштирокчиси саналади. Бундан уч йил аввал Мексикада ўтказилган конгрессда Ўзбекистонни Халқаро нотариуслар иттифоқига қабул қилган эдик.
Биз келгусида ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз.
Дилшод Ашуров, Ўзбекистон нотариал палатаси раиси:
– Жорий йил 9 сентябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган соҳага оид қарорда келгусида фуқароларимизга енгиллик яратиш мақсадида бир қатор нотариал ҳаракатлар онлайн кўринишга ўтиши, бир қатор судлардан юкламаларни олиб, нотариал ҳаракатлар сонини, турини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Мазкур конгресс минбаридан туриб, мамлакатимизда нотариал соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган натижалар хусусидаги маърузамизни анжуман иштирокчилари ва халқаро ҳамжамият вакиллари томонидан юқори баҳоланди. Ҳозирги кунда соҳада рақамлаштиришга берилаётган эътибор, ягона платформанинг яратилганлиги ва келгусида фуқароларнинг файс-айди, бармоқ излари орқали шахсини аниқлаш каби замонавий усуллар, ҳатто Европа давлатлари вакилларида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Бундан ташқари, медиация бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтдик.
Ютуқларга қарамасдан, ҳали олдинда бажарадиган ишларимиз кўп, конгресс давомида нотариат соҳасида халқаро тажрибадаги кўплаб янгиликлар билан танишдик, нотариал турларни ошириш бўйича тавсиялар олдик.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди