Logo

Ўзбекистон озиқ-овқат ва агросаноат маҳсулотлари Кёльн шаҳрида ўтган "Anuga – 2025" халқаро кўргазмасида намойиш этилди

Октябрь 19, 2025. 10:18 • 2 дақ

60
Ўзбекистон озиқ-овқат ва агросаноат маҳсулотлари Кёльн шаҳрида ўтган "Anuga – 2025" халқаро кўргазмасида намойиш этилди

КЁЛЬН, 19 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги делегацияси Германиянинг Кёльн шаҳрида бўлиб ўтган "Anuga–2025" кўргазмасида иштирок этди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Kölnmesse" майдонида ҳар икки йилда ўтказиладиган мазкур кўргазма бу йил "Барқарор ўсиш" мавзусида ташкил этилди. Кўргазмада 200 та давлатдан 8 мингга яқин компания ва 140 минг нафар соҳа мутахассислари қатнашди.

Юртимиз вакиллари "Made in Uzbekistan" миллий стендида озиқ-овқат ва агросаноат соҳаларидаги 25дан ортиқ етакчи маҳаллий компания билан бирга ўз маҳсулотларини намойиш этди. Тадбиркорлар Европа сифат стандартларига мос қайта ишланган мева-сабзавотлар, шарбатлар, қуруқ мевалар, ёнғоқлар ва бошқа турдаги маҳсулотларнинг кенг ассортиментини тақдим этдилар.

Кўргазма доирасида мезбон мамлакат ҳамда Италия, Венгрия ва бошқа Европа Иттифоқи давлатларининг етакчи савдо тармоқлари, дистрибюторлари ва агентлари билан учрашув ўтказилди. Жумладан, "Ledo", "Dovgan", "Delikatess GmbH", "Develey GmbH", "Bode Naturkost" ва "Euras int BVBA – Premium Foods" ва бошқа компаниялар билан музокаралар амалга оширилди. Шунингдек, "Open Trade Gate Sweden", "BHEPA", "Nutrifit Food", "Fruit Fusion" ва "Eurofins" вакиллари билан B2B шаклидаги учрашувлар ўтказилди. Суҳбатларда Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини Европа бозорларига экспорт қилишни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

"Anuga" кўргазмаси озиқ-овқат саноати ва савдоси учун етакчи халқаро платформа бўлиб, бизнес алоқаларини йўлга қўйиш, янги маҳсулотлар ва инновацион ечимларни тақдим этиш, глобал трендлар бўйича мулоқот майдони вазифасини ўтайди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш