БМТ Бош Ассамблеяси 2028 йилни Халқаро ҳуқуқ йили деб эълон қилди
Июль 28, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 70
ТОШКЕНТ, 28 июль. /“Дунё” АА/. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2028 йилни Халқаро ҳуқуқ йили деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу ҳужжатда халқаро ҳуқуқнинг тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришдаги муҳим ўрни ифодаланган.
Резолюцияда халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва уларга риоя этиш замонавий халқаро тизимнинг самарадорлиги, барқарорлиги ва легитимлигини таъминлашнинг муҳим шарти экани таъкидланган.
Қолаверса, БМТга аъзо давлатлар, ташкилот тизимидаги муассасалар ҳамда бошқа манфаатдор томонларга 2028 йил давомида халқаро ҳуқуқ масалаларига бағишланган таълим, илм-фан ва маърифий тадбирларни ташкил этиш тавсия этилган.
Шу билан бирга, ҳужжатда халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, халқаро шерикликни ривожлантириш ва юридик таълим сифатини такомиллаштиришга кўмаклашиш назарда тутилган. Ёшлар, илмий ҳамжамият, ҳуқуқшунослар ҳамда фуқаролик жамияти институтларини халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва нормаларини тарғиб этиш жараёнларига кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган.
БМТ Бош Ассамблеяси Туркманистоннинг 2028 йил декабрь ойида Халқаро ҳуқуқ бўйича глобал форумни ўтказиш ташаббусини маъқуллади. Мазкур форум Халқаро ҳуқуқ йилининг асосий тадбири бўлиши ҳамда БМТга аъзо давлатлар, ташкилот тизими муассасалари, халқаро идоралар, академик ҳамжамият ва фуқаролик жамияти вакилларини бир майдонда жамлаши кутилмоқда.
2028 йилнинг Халқаро ҳуқуқ йили деб эълон қилиниши БМТнинг ҳуқуқни ўқитиш ва ўрганишни ривожлантиришга қаратилган кўп йиллик фаолиятининг мантиқий давоми ҳисобланади. Бу йўналишда БМТнинг ҳуқуқий ёрдам дастури ҳамда Халқаро ҳуқуқ комиссияси фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси