Германия “KfW” банки орқали Ўзбекистондаги 1400 дан ортиқ тадбиркорни қўллаб-қувватлади
Ноябрь 06, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 121
БЕРЛИН, 6 ноябрь. /“Дунё” АА/. Германия тараққиёт банки (“KfW”) иштирокида амалга оширилган кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида Ўзбекистондаги 1400 дан ортиқ тадбиркорлик субъектига умумий қиймати қарийб 50 миллион евро миқдорида кредит ажратилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси якунларига бағишланган тадбирда томонлар ҳамкорлик натижаларини сарҳисоб қилиб, тадбиркорларнинг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш, банк хизматларини такомиллаштириш ва келгусидаги ўзаро алоқалар истиқболларини муҳокама қилдилар.
Германия томонидан умумий молиялаштириш ҳажми 29,8 миллион еврони ташкил этди. Шундан 26,8 миллион евро имтиёзли кредитлар, 3 миллион евро эса грант маблағлари сифатида тақдим этилди.
Дастур доирасида Ўзбекистон тижорат банкларига кредит механизмини тадбиркорларнинг эҳтиёжларига мослаштириш, молиявий хизматлар сифатини ошириш ва банк тартиб-қоидаларини такомиллаштириш борасида амалий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, бизнес вакиллари учун фаолиятни режалаштириш, молиявий бошқарув ва ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш бўйича ўқув курслари ҳамда маслаҳатлар ташкил этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, “KfW” банки билан ҳамкорлик Ўзбекистон ҳудудларида хусусий секторни ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилиб, ўзбек-герман шериклигининг амалий натижаларини яққол намоён этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси