Хоразм вилояти Ҳиндистон олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда
Январ 12, 2024. 07:43 • 2 дақ
• 181
ДЕҲЛИ, 12 январь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси кўмагида Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Ҳиндистоннинг "SRM University AP" университети вакиллари ўртасида онлайн шаклдаги мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир чоғида Ўзбекистонда ёш авлод учун замонавий талаблар даражасида таълим олиш учун яратилаётган шароитлар, бу йўналишдаги халқаро ҳамкорликнинг имкониятлари ва истиқболлари ҳақида маълумот тақдим қилинди. Хоразм вилоятидаги олий билим юртлари фаолияти, уларда тайёрланаётган мутахассисликларга алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Анвар Давлатов "SRM University AP" университети билан ёшларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича таълим бериш йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини илгари сурди.
"SRM University AP" халқаро алоқалар департаменти директори Адити Жаин мазкур университетда турли йўналишларда, жумладан, ахборот ва алоқа технологиялари бўйича бакалавриат ва магистратура даражасида мутахассислар тайёрланиши, шунингдек, илмий ишлар олиб борилишини маълум қилди. Олий билим юрти АҚШ, Франция ва бошқа давлатлардаги турдош таълим муассасалари билан яқин алоқаларни йўлга қўйган.
Ҳиндистон университети вакили Хоразм вилояти олий билим юртлари билан академик алоқалар ўрнатиш, хусусан, қўшма ўқув дастурлари ташкил этиш, ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйишдан манфаатдорлик билдирди.
Шунингдек, вилоятда университет кампусини очиш истиқболлари юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини Хоразм вилояти делегациясининг яқин кунларда Ҳиндистонга режалаштирилаётган сафари чоғида батафсил муҳокама қилишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси