Logo

Исломободда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида давлат харидлари соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Октябрь 08, 2025. 11:25 • 2 дақ

50
Исломободда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида давлат харидлари соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 8 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Давлат харидларини тартибга солиш органи раҳбари Ҳаснат Аҳмад Қуреши билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат давомида давлат харидлари соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш, электрон харидлар тизимларини ривожлантириш борасида тажриба алмашиш ҳамда "яшил харидлар" стандартларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат харидлари соҳасидаги ҳамкорлик икки мамлакат иқтисодий муносабатларини ривожлантиришда муҳим ва истиқболли йўналиш сифатида қайд этилди. Шу муносабат билан давлат харидлари бўйича масъул идоралар ўртасида онлайн учрашувлар ташкил этиш, қонунчилик ва норматив ҳужжатлар билан алмашиш, экспертлар даражасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда "яшил харидлар" стандартларини амалиётга жорий этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Ҳаснат Аҳмад Қуреши давлат харидлари соҳасидаги ҳамкорлик икки мамлакат иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш ва давлат ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилишини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар давлат харидлари соҳасидаги ҳамкорликни институционал даражада йўлга қўйиш, қўшма ишчи гуруҳ ташкил этиш ва экспертлар онлайн учрашувини мунтазам ўтказиш, электрон ва "яшил" харидлар тизими бўйича ўзаро тажриба алмашиш борасида келишувлар эришди.

Покистон Давлат харидларини тартибга солиш органи мамлакат Ҳукуматининг марказий идораси бўлиб, давлат харидлари соҳасини тартибга солиш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш билан шуғулланади. Ташкилотнинг асосий вазифалари тендер жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, рақобат муҳитини кучайтириш, электрон харидлар тизимини ривожлантириш ва давлат маблағларидан самарали фойдаланиш устидан назоратни амалга оширишдан иборат.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш