Logo

Исломободда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Октябрь 22, 2025. 11:34 • 2 дақ

378
Исломободда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 22 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон таълим ва касбий тайёргарлик давлат вазири Важиҳа Қамар билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Покистон давлат вазирининг жорий йил 28 октябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясидаги иштироки билан боғлиқ масалалар ҳамда таълим соҳасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги қўшма лойиҳалар ҳисобига алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида Важиҳа Қамар ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши халқаро ҳамжамиятнинг жаҳон маданий меросини асраш ва оммалаштириш борасидаги Ўзбекистоннинг фаол саъй-ҳаракатларига бўлган юксак ҳурматини ифода этишини қайд этди. У, шунингдек, Ўзбекистонга ташрифи доирасида мамлакатимизнинг мутасадди вазирлик ва идоралари билан учрашувлар ўтказиш, таълим ва касбий тайёргарлик соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичга кўтаришга қаратилган лойиҳаларни батафсил муҳокама қилишни режалаштираётганини маълум қилди.

Икки мамлакат олий таълим вазирликлари ўртасида ҳамкорликни институционаллаштириш, мунтазам маслаҳатлашувлар ва қўшма дастурларни мувофиқлаштириш борасида изчил чоралар кўриш вақти келгани таъкидланди.

Томонлар олий таълим муассасалари ўртасида академик ва илмий алоқаларни фаоллаштириш, талабалар ва ўқитувчилар алмашинуви, икки томонлама диплом дастурлари, тиббиёт, муҳандислик ва ахборот технологиялари соҳаларида қўшма тадқиқотларни йўлга қўйиш, дипломларни ўзаро тан олиш, таълим дастурларини аккредитациядан ўтказиш механизмларини ишлаб чиқиш, электрон таълим ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш каби таклифларни кўриб чиқдилар.

Шунингдек, таълим ва илмий ҳамкорликни тизимли ривожлантириш механизмлари юзасидан фикр алмашилди.

Жумладан, академик ва илмий муассасалар раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон-Покистон университетлари форумини ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш