Кувайт томони Тошкентда Ҳамшираларни қайта тайёрлаш марказини ташкил этиш таклифини билдирди
Август 07, 2024. 14:48 • 2 дақ
• 452
АЛ-КУВАЙТ, 7 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Аюбхон Юнусов Кувайтнинг "Jarallah Al-Aani Centers Group" тиббиёт марказлари раҳбари Муҳаммад Аҳмад ал-Жаруллоҳ ва "Kuwait Medical International" компанияси ижрочи директори Али Маҳдизада билан учрашув ўтказди, дея хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистондан малакали тиббиёт ходимларини Кувайтга ишга жалб этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Кувайт томони мамлакатда фаолият юритаётган етакчи клиника ва шифохоналарда Ўзбекистондан инглиз тилини биладиган ҳамшираларни иш билан таъминлаш режалари борлигини маълум қилди.
Музокаралар давомида ўзбек тиббиёт ходимларининг Кувайтга мослашиш жараёнини тезлаштириш бўйича чора-тадбирлар, жумладан, тил ўрганиш курслари ва малака ошириш масалалари хусусида ҳам фикр алмашилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон тиббиёт ходимларини нафақат Кувайт ва Кўрфаз араб мамлакатларига, балки Европа давлатларига ишлашга юборишда мақсадли тайёрлаш учун Тошкент шаҳрида Ҳамшираларни тайёрлаш тиббиёт марказини ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида Ўзбекистондан малакали ҳамшираларни Кувайтдаги йирик тиббиёт клиникаларида иш билан таъминлашга доир музокараларни давом эттириш тўғрисидаги келишиб олинди.
"Kuwait Medical International" замонавий ва кўп тармоқли тиббиёт марказларини бирлаштирган йирик компания ҳисобланади. Компания Кувайтдаги "Jarallah German", "Berlin Klinik", "Jahra Clinic", "Dema Clinic", "Jarallah German Jahra Clinic", "Clinica Joelle Kuwait", "Top Polyclinic" сингари шифохоналар билан яқин ҳамкорлик алоқаларига эга.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
