Малайзия компанияси Ўзбекистон маҳсулотлари учун кўргазма савдо уйи фаолиятини йўлга қўяди

Май 09, 2024. 12:05 • 2 дақ

• 249
Малайзия компанияси Ўзбекистон маҳсулотлари учун кўргазма савдо уйи фаолиятини йўлга қўяди

КУАЛА-ЛУМПУР, 9 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "KK Group of Companies" фаолияти билан яқиндан танишди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Малайзия компанияси асосчиси ва ижрочи директори Кин Чай "KK Group of Companies"га тегишли бўлган бинода ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазма савдо уйини ташкил этиш нияти билан ўртоқлашди. Шунингдек, Малайзия компанияси Ўзбекистонда етиштириладиган сархил меваларни ўз тармоғи орқали сотишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув давомида Кин Чай компания ходимлари ва меҳмонлари учун мўлжалланган "KK Super Mart"нинг 24/7 режимида тўлиқ рақамлаштирилган технология асосида савдо хизматини кўрсатувчи "ақлли" шахобчанинг ишлаш жараёни билан таништирди. Келажакда ушбу турдаги смарт савдо шахобчаларини Куала-лумпур шаҳри ва кейинчалик бутун Малайзия бўйлаб кўпайтириш мўлжалланган.

Шунингдек ўқинг

Компания ижро директори мамлакатимиз ишбилармон доира вакиллари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини билдириб, "KK Super Mart" бренди остида иш юритаётган супермаркетлар тармоғи Ўзбекистонда ҳам муваффақиятли фаолият олиб бориши мумкинлигини маълум қилди.

Учрашув якунида Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва уларни қайта ишлаш, экспортини ташкил этиш ва "KK Super Mart" савдо дўконлари тармоқларини республика ҳудудларида ташкил этиш лойиҳаларини муҳокама қилиш учун Малайзия компанияси вакилларининг жорий май ойида Ўзбекистонга бизнес миссиясини амалга оширишга келишилди.

"KK Group of Companies" кўп тармоқли компаниялар гуруҳи бўлиб, 2001 йилда "KK Supermart" чакана савдо билан фаолиятини бошлаган. Компания ҳозирга келиб, Малайзияда энг кўп тармоқларига эга савдо ташкилотларидан бири ҳисобланади. Компаниянинг мамлакат бўйлаб 830 дан ортиқ савдо шахобчалари мавжуд. Шунингдек, гуруҳ электрон тижорат ва тўлов тизими, умумий овқатланиш, меҳмонхона ва дам олиш маскани фаолияти ҳамда қурилиш билан шуғулланади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш