Тошкентда қонун устуворлигини таъминлаш бўйича йирик халқаро конференция ўтказилди
Ноябрь 30, 2025. 11:09 • 3 дақ
• 81
ТОШКЕНТ, 30 ноябрь. /“Дунё” АА/. Шу йил 27–28 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида “Замонавий чақириқлар шароитида қонун устуворлигини таъминлаш: муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Академия ташкил этилганининг 3 йиллигига бағишлаб ташкил этилган конференция қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг касбий компетенцияларини ривожлантириш, замонавий чақириқларга қарши курашиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган тўққизта йирик халқаро ўқув ва илмий-амалий тадбирдан иборат академик декаданинг якуний ва асосий тадбири бўлди.
Тадбир академия томонидан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), ЕХҲТ, БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC), АҚШ Адлия вазирлиги дастури (ICITAP), Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ҳамда бошқа халқаро ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда гибрид форматда ўтказилди.
Конференцияда иштирок этиш учун 34 давлатдан 49 нафар эксперт Тошкентга ташриф буюрди. Умумий ҳисобда 120 дан ортиқ мутахассис қатнашди. Жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Испания, Нидерландия, Туркия, Канада, Корея Республикаси, Малайзия, Марокаш, Латвия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон ва бошқа қатор давлатлар вакиллари иштирок этди.
Шунингдек, БМТ, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи, Халқаро прокурорлар ассоциацияси, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, МАСА, IACA ва Халқаро миграция ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар делегациялари ҳам мазкур нуфузли тадбирда қатнашди.
Конференция дастури ялпи мажлис ва олтита параллел сессиядан иборат бўлди. Сессияларда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида таълим ва фанни ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш, сунъий интеллектни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда глобал миграция шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида маълумот берилди.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги раҳбарияти, шунингдек Олий Мажлис Сенати вакиллари сўзга чиқди.
Маърузачилар ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини модернизация қилиш жараёнида фан ва таълим салоҳиятининг ўрни, замонавий технологияларни, сунъий интеллектни жорий этиш зарурати, трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш учун юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Чет эллик экспертлар ҳам муҳокамаларда фаол иштирок этди. Қозоғистон ва Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиялари раҳбарлари кадрлар тайёрлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва тажриба алмашишнинг долзарб аҳамияти тўғрисида гапирди. Европа Иттифоқи, БМТ, ЕХҲТ ва Халқаро прокурорлар ассоциацияси вакиллари трансмиллий жиноятчилик, коррупция ва терроризмга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
Параллел сессиялар доирасида жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашишда сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланиш, халқаро ахборот алмашуви механизмларини ривожлантириш, барқарор киберхавфсизликни таъминлаш, электрон далиллар билан ишлаш амалиётини такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, халқаро коррупцияга қарши курашиш стандартларини жорий этиш ва суд-ҳуқуқ фаолиятида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ахлоқий-ҳуқуқий жиҳатларига оид масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Алоҳида сессия мигрантлар ва одам савдоси жабрдийдалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни реабилитация ва реинтеграция қилиш борасидаги минтақавий ва халқаро саъй-ҳаракатларга бағишланди.
Конференция доирасида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан Ички ишлар вазирлигининг Асосий эксперт-криминалистика маркази, киберхавфсизлик соҳасида етакчи халқаро компания Group-IB, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар Парламенти билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланди. Хорижий делегациялар билан ҳам учрашувлар ўтказилиб, келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Конференция якунлари бўйича қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, халқаро коррупция қарши стандартларини жорий этиш, терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, жиноий йўл билан орттирилган активларни аниқлаш, ушлаб туриш ва қайтариш механизмларини кучайтириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, идоралараро ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди