ЕХҲТ Самарқанд форумини инсон ҳуқуқлари бўйича амалий ҳамкорлик учун муҳим майдон сифатида эътироф этди

Сентябрь 29, 2026. 19:16 • 3 дақ

• 51
ЕХҲТ Самарқанд форумини инсон ҳуқуқлари бўйича амалий ҳамкорлик учун муҳим майдон сифатида эътироф этди
ЕХҲТ Самарқанд форумини инсон ҳуқуқлари бўйича амалий ҳамкорлик учун муҳим майдон сифатида эътироф этди

ВЕНА, 29 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистонда “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлида глобал шериклик” мавзусида бешинчи Самарқанд форуми бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда ЕХҲТ Миллий озчиликлар бўйича олий комиссари Кристоф Камп ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси вакили Мария Телалян ҳам иштирок этди.

Кристоф Камп Ўзбекистон билан миллий озчиликлар масалалари бўйича конструктив мулоқот йўлга қўйилганини таъкидлади. Таълим соҳасидаги тил сиёсати, миллий озчилик вакилларининг ижтимоий, иқтисодий ва жамоат ҳаётидаги самарали иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

ЕХҲТ Олий комиссари миллий озчиликларга мансуб шахсларнинг ўз маданиятидан фойдаланиш, ўз динига эътиқод қилиш ва ўз тилидан фойдаланиш ҳуқуқини назарда тутувчи Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 27-моддаси муҳимлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ҳуқуқларни тўлиқ амалга ошириш учун фақат юридик тенгликнинг ўзи етарли эмас. Меҳнат, сифатли таълим ва тиббий хизматлардан тенг фойдаланиш имконияти, фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларга ўзаро боғлиқ ҳолда риоя этилишини таъминлаш зарур.

Шунингдек ўқинг

Кристоф Камп низоларнинг олдини олиш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашда инклюзив ривожланиш муҳимлигини таъкидлади. У Марказий Осиёни кўп миллатли, тилли ва маданиятли минтақа сифатида таърифлаб, хилма-хиллик ижтимоий барқарорлик, тараққиёт ва жамият мустаҳкамлигининг муҳим манбаи эканлигини қайд этди.

Ўз навбатида, Мария Телалян инсон ҳуқуқлари ишонч тили сифатида соҳадаги универсал стандартларнинг 60 йиллиги ва ҳамкорликнинг янги йўналишларига бағишланган форум мавзусининг алоҳида аҳамиятини таъкидлади.

Унинг фикрича, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар қонунчилик, давлат сиёсати ва кундалик амалиётда изчил амалга оширилиши керак. Ҳуқуқлар бузилганда муносабат билдириш механизмлари самарали ишлаши, фуқаролар ва давлат органлари ўртасида эса очиқ мулоқот таъминланиши лозим.

Форум давомида ЕХҲТ минтақасидаги тенденциялар, хусусан, сиёсий қутбланиш, инсон ҳуқуқларига қарши риторика, демократик институтларнинг заифлашуви ҳамда фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фаолияти учун маконнинг қисқаришига ҳам эътибор қаратилди.

Мария Телалян инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни мониторинг қилиш, қонунчилик ва давлат сиёсатини таҳлил қилиш, тавсиялар тайёрлаш, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ва аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишда фуқаролик жамияти институтлари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг роли муҳимлигини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш