Жиззах ва Ростов ўртасидаги ҳамкорлик кенгайтирилади
Декабрь 30, 2025. 11:09 • 55 сония
• 181
РОСТОВ-ДОН, 30 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Ростов вилояти иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Ольга Попелнуха билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Россия томони Ростов вилоятининг иқтисодий салоҳияти ҳақида сўз юритиб, минтақанинг аграр йўналиши ва Ўзбекистон ҳудудлари билан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Иқлим шароитлари ўхшашлиги, бу тажриба алмашиш ва замонавий агротехнологияларни жорий этишда қулай шароит яратиши айтилди.
Ўз навбатида, юртимиз дипломатлари қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш, селекция ва уруғчилик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида фикр билдирди.
Мулоқот давомида ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар маҳсулот турларига қизиқишни ҳисобга олган ҳолда ўзаро бизнес миссиялари амалиётини давом эттириш ва тадбиркорлар ташрифини ташкил этиш бўйича тўхталиб ўтди.
Ҳудудлараро ҳамкорлик доирасида Жиззах ва Ростов ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Жиззах ва Ростов-Дон шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масаласи муҳокама қилинди.
Мулоқот якунида Россия томони Жиззах вилояти делегациясининг Ростовга ташрифини ташкил этишдан манфаатдорлигини билдирди. 2026 йилда мазкур ташрифнинг амалга оширилиши икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси