Италия Ўзбекистон тадқиқотчиларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун грантлар ажратади
Апрель 04, 2024. 07:46 • 2 дақ
• 388
РИМ, 4 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италия университетлар ва тадқиқот вазирининг дипломатик маслаҳатчиси Ламберто Моруцци билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот давомида сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида олий таълим йўналишида эришилган натижалар, ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Бугунги кунда ушбу соҳадаги ўзаро ҳамкорлик ҳужжатларининг умумий сони 40 дан ошгани, шу жумладан Турин политехника ва Пиза университетларининг Тошкентдаги филиаллари ҳамда Луиджи Ванвителли номидаги Кампания университетининг Бухоро давлат тиббиёт институтида ташкил этилган қўшма факультети фаолияти эътироф этилди.
"Вазирлик Марказий Осиё минтақасида давлатнинг стратегик мақсадларини амалга оширишда Ўзбекистон билан таълим соҳасида алмашинувларни кўпайтириш ва тегишли ишларни изчил давом эттиришдан манфаатдор, – деди Ламберто Моруцци.– Мамлакатларимиз ўртасида мазкур йўналишда эришилган салмоқли натижалар, алоқаларни янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларга шахсан гувоҳман. Шунингдек, олий таълим муассасаларининг ўзаро алмашинувлари сўнгги йилларда сезиларли даражада кўпайди".
Томонлар идоралараро англашув мeморандуми доирасида Ўзбекистон тадқиқотчиларининг лойиҳаларини Италия томонидан молиялаштирилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Шунингдек, икки давлат олий таълим вазирлари бошчилигидаги делегацияларнинг алмашинувини, Италиянинг 10 та етакчи университетлар ректорларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш ва унинг доирасида Самарқандда Ўзбекистон-Италия таълим форумини ўтказиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси