Британиянинг нуфузли таълим ташкилоти билан ҳамкорлик ўрнатилади
Апрель 02, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 73
ЛОНДОН, 3 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Буюк Британиянинг таълим ва болалар хизматлари сифатини назорат қилувчи нуфузли ташкилоти – OFSTED вакиллари ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
OFSTED Буюк Британияда болалар таълими ва уларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини назорат қилувчи давлат ташкилоти ҳисобланади. У мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ва коллежларни текшириш, таълим сифатини баҳолаш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда жамоатчиликка очиқ ҳисоботлар тақдим этиш билан шуғулланади.
Суҳбат давомида томонлар мактабгача ва мактаб таълими сифатини баҳолаш, инспекция жараёнларининг шаффофлигини ошириш, таълим муассасалари фаолиятини назорат қилиш ва ўқув жараёнларини халқаро стандартлар асосида ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди. OFSTED вакиллари ташкилотнинг Британиядаги фаолияти ва таълим сифатига таъсир қилувчи асосий кўрсаткичлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Ўзбекистон томони эса мамлакатда таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан янги ўқув дастурларини жорий этиш, мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, педагоглар малакасини ошириш ва таълим сифатини халқаро мезонлар асосида баҳолаш чоралари ҳақида маълум қилди.
Мулоқот якунида томонлар ҳамкорликни давом эттириш ва келгусида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси