"БМТ-Туризм" Ўзбекистонда барқарор туризм ривожини қўллаб-қувватлайди
Июль 04, 2025. 18:40 • 2 дақ
• 71
ТОШКЕНТ, 4 июль. /"Дунё" АА/. "БМТ-Туризм" ("UN Tourism") бош котиби Зураб Пололикашвили Ўзбекистонга ташрифи давомида пойтахтимиздаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University)да бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида бош котиб университет фаолияти, унинг ўқув ва илмий инфратузилмаси – замонавий лабораториялар, махсус аудиториялар, интерактив таълим платформалари, шунингдек, иқлим ўзгаришига мослашиш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва биологик хилма-хилликни сақлашга бағишланган илмий тадқиқот лойиҳалари билан танишди.
Зураб Пололикашвили "Green University" ташкил этилиши ташаббусини юқори баҳолади ва бу каби таълим формати барқарор ривожланиш ҳамда атроф-муҳит муҳофазасини илгари суришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
"Биз мутлақо янги ва ижодий муҳитга эга университетда бўлдик ва жуда ҳайратландик. Ушбу университет экологияни, экологларни ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлайди. Бу таълим тизимида жуда муҳим ва янги йўналишдир. Мен вазирни табриклайман ва Президентга барқарор ривожланиш ҳамда барқарор туризмни давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиргани учун миннатдорлик билдираман, – деди у. – Бу Ўзбекистоннинг нафақат минтақада, балки жаҳон миқёсида етакчи ўринни эгаллаётганини кўрсатади. Бундай университетлар дунё миқёсида ноёб ҳисобланади ва Ўзбекистон бу жараёнда етакчига айланмоқда, бу жуда қувонарли ҳол", деди у.
Ташрифнинг асосий натижаси "UN Tourism" ва "Green University" ўртасида барқарор туризм, экология ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган англашув меморандумининг имзоланиши бўлди.
Меморандумга мувофиқ томонлар Ўзбекистонда барқарор туризм салоҳиятини кучайтириш, кадрлар тайёрлаш ва илғор тажрибаларни тарғиб қилиш, барқарор туризмнинг жамият ва атроф-муҳит учун ижобий ўзгаришлар омили сифатидаги аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, туризмни Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш воситаси сифатида тарғиб қилиш, атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурсларни бошқариш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш соҳаларида инновацияларни жорий этиш, илмий тадқиқотлар ва академик алмашувни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, талабалар ва ўқитувчилар мобиллигини кенгайтириш, қўшма таълим ва маърифий ташаббусларни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Шунингдек, мазкур ҳужжат доирасида "UN Tourism" ва "Green University" ўртасида мунтазам мулоқот ўрнатиш, қўшма лойиҳалар мувофиқлаштириш, ўқув дастурлари ташкил этиш ва тажриба алмашинуви режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди