Logo

Ўзбекистон ҳудудлари ва Ҳиндистоннинг Карнатака штати ўртасидаги алоқалар янада ривожлантирилади

Июнь 05, 2024. 09:09 • 2 дақ

150
Ўзбекистон ҳудудлари ва Ҳиндистоннинг Карнатака штати ўртасидаги алоқалар янада ривожлантирилади

БЕНГАЛУРУ, 5 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг Карнатака штати бош котиби Ражниш Гоел билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ҳудудлари ва Ҳиндистоннинг мазкур штати ўртасида ахборот технологиялари, таълим, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Элчи сўнгги йилларда Ўзбекистон–Ҳиндистон серқирра ҳамкорлиги, жумладан, ҳудудлараро алоқалар изчил мустаҳкамланаётгани, ушбу жараёнга икки давлат етакчилари ўртасидаги дўстона ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлар ҳамда мамлакатларимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар асос бўлаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига Карнатака штати инвестициялари, илғор технологиялари ва инновацион ечимлари, билим ва кўникмаларини жалб қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

2022 йил август ойида Жиззах вилояти ҳокими ва Карнатака штати бош вазири учрашувида эришилган келишувларга асосан, Жиззах ва Карнатака ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий, маданий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш жараёнини тезлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Ражниш Гоел Карнатака штати Ўзбекистон билан муносабатларни янги босқичга олиб чиқишдан манфаатдор эканини билдириб, бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар фаоллаштирилишини маълум қилди. Ахборот технологиялари ва туризм энг самарадор йўналишлар бўлиши мумкинлигига эътибор қаратилди. У Ўзбекистон сайёҳлик компанияларини 15-16 июнь кунлари Жанубий Ҳиндистон штатларининг туризм тармоғини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказиладиган тадбирда фаол иштирок этишга чақирди.

Томонлар ҳудудлараро алоқаларни изчил ривожлантиришда ишбилармон доиралар ва бошқа соҳалар вакилларининг ўзаро сафарларини тез-тез ташкил қилиш, амалий мулоқотларни фаоллаштириш алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш