Ўзбекистон ва Исроил олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Июнь 16, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 107
ТЕЛЬ-АВИВ, 16 июнь. /“Дунё” АА/. Исроилнинг Холон технологиялар институти ҳамда Янги Ўзбекистон университети ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ҳужжат икки олий таълим муассасаси ўртасида таълим, илмий тадқиқотлар, академик алмашинувлар ва инновацион фаолият соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратади.
Онлайн форматда ташкил этилган тадбирда Исроил томонидан Холон технологиялар институти президенти, профессор Эдуард Якубов ҳамда Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Гидеон Лустиг иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан Янги Ўзбекистон университетининг халқаро ва академик ишлар бўйича проректори, доктор Азизбек Мараҳимов ҳамда мамлакатимиз элчиси Жаҳонгир Аминов қатнашди.
Учрашув давомида томонлар талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун академик мобиллик дастурларини амалга ошириш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини йўлга қўйиш, халқаро конференциялар ташкил этиш ҳамда таълим соҳасидаги ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқиш каби истиқболли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, мазкур меморандумнинг имзоланиши таълим ва илм-фан соҳаларидаги Ўзбекистон–Исроил ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга, икки мамлакатнинг етакчи университетлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси