Хоразм ва Ҳатай ишбилармонлари ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришди
Июнь 15, 2026. 22:30 • 2 дақ
• 1615
АНТАКЬЯ, 15 июнь. /“Дунё” АА/. Хоразм вилояти делегациясининг Туркиянинг Ҳатай вилоятига ташрифи доирасида Искандарун Савдо ва саноат палатаси раиси Левент Ҳаққи Йилмаз бошчилигидаги ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Ҳатай вилоятининг саноат, логистика, металлургия, фильтр ишлаб чиқариш ва спорт инфратузилмаси соҳаларида фаолият юритувчи етакчи компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Мулоқот чоғида Хоразм вилоятининг инвестициявий ва туристик салоҳияти тақдимоти ўтказилиб, эркин иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш қувватлари, экспорт имкониятлари ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Туркиялик тадбиркорлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш сиёсатига юқори баҳо бериб, мамлакат бозорига катта қизиқиш мавжудлигини қайд этди.
Учрашув давомида бир қатор турк компаниялари вакиллари ўз соҳалари бўйича ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш мақсадида жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюриш истагини билдирди. Айни пайтда мазкур ташриф дастури ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, Хоразм вилояти томонидан 2026 йил август–сентябрь ойларида Хива шаҳрида икки ҳудуд ишбилармон доиралари иштирокида қўшма бизнес форуми ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Туркия томони мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Ташриф доирасида делегация Искандарун уюшган саноат зонаси фаолияти билан танишиб, ҳудуддаги экспорт инфратузилмаси, инвесторларга яратилган имкониятлар ва логистика тизими ҳақида маълумот олди.
Делегация аъзолари “ON Filtre”, “Filmar Filtre”, “Asas Filter”, “Özler Logistics”, “Hatko Teknik Tekstil ve Spor Sistemleri”, “Edip Demir Çelik” каби йирик саноат корхоналарида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари, экспорт амалиёти ва замонавий технологиялар билан яқиндан танишди.
Томонлар музокаралар жараёнида инвестицияларни жалб қилиш, саноат кооперацияси, логистика ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришди.
Левент Ҳаққи Йилмаз бошчилигидаги Искандарун ишбилармон доиралари вакиллари Хоразм вилояти билан узоқ муддатли амалий ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси