Покистоннинг Баҳрия университети делегацияси Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан академик ҳамкорликни кенгайтириш бўйича самарали музокаралар ўтказди
Ноябрь 05, 2025. 16:06 • 2 дақ
• 48
ИСЛОМОБОД, 5 ноябрь. "Дунё" АА/. Покистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири – Баҳрия университети ректори, истеъфодаги вице-адмирал Асиф Халиқ бошчилигидаги делегацияси амалий сафар билан Ўзбекистонда бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Покистон делегацияси сафар давомида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Жанубий Кореянинг Kyungdong университети ҳамкорлигида 27-28 октябрь кунлари пойтахтимизда ўтказилган Биринчи Глобал академик ҳамкорлик бўйича йиллик учрашувда иштирок этди.
Мазкур халқаро тадбирда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда мамлакатимиздаги 20 дан ортиқ етакчи университетлар раҳбарияти, АҚШ, Финляндия, Хитой, Канада, Япония, Малайзия, Индонезия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Беларусь, Бангладеш, Мексика, Жанубий Судан, ва Монголия каби давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари раҳбарлари ва халқаро делегациялар иштирок этди.
Анжуман иштирокчиларига "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида олий таълим тизимини ривожлантириш, унинг қамровини кенгайтириш, таълим сифатини ошириш ва университетларнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамлаш муҳим устувор йўналиш сифатида белгилангани ҳақида батафсил маълумот берилди.
Халқаро ҳамкорликни янада жадаллаштириш натижасида рақамли таълим технологияларини жорий этиш ва талабаларнинг бозор талабларига мос билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун шарт-шароит яратиш бўйича ташаббуслар муҳокама қилинди. Иштирокчилар томонидан олий таълим йўналишида халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун академик алмашинувни йўлга қўйиш ҳамда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш борасидаги таклифлар илгари сурилди.
Баҳрия университети делегацияси сафар доирасида, шунингдек, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Геология фанлари университети раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди. Уларда олий таълим соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтариш истиқболлари муҳокама қилинди.
Покистон томони Самарқанд шаҳрига ҳам сафар қилди. Унинг давомида Самарқанд давлат университети ҳамда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти раҳбарияти билан музокаралар ўтказди.
Ўзбекистонда ўтказилган учрашувлар натижасида икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида қатор йўналишларда академик шерикликни йўлга қўйиш юзасидан келишувларга эришилди. Илмий тадқиқотлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма таълим дастурлари ва семинарлар ташкил этишга қаратилган англашув меморандумлари имзоланди.
Баҳрия университети 2000 йилда ташкил этилган. Университет соғлиқни сақлаш, муҳандислик, ахборот технологиялари, ижтимоий фанлар ва денгиз тадқиқотлари соҳаларида юқори малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослашган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди