Ўзбекистон вакиллари Ашхободда ўтган "Саломатлик ва барқарор тараққиёт – тинчлик йўли" мавзусидаги Марказий Осиё ёшлари форумида иштирок этишди
Сентябрь 15, 2025. 08:47 • 2 дақ
• 62
АШХОБОД, 15 сентябрь. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 10-11 сентябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида "Саломатлик ва барқарор тараққиёт – тинчлик йўли" мавзусида Марказий Осиё ёшлари форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда гиёҳвандлик тарқалишининг олдини олиш дастури ҳамда Туркманистон ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилди. Форумда Марказий Осиё давлатлари, Европа Иттифоқи ва халқаро ташкилотлардан келган ёшлар етакчилари, мутахассислар ва давлат идоралари вакиллари иштирок этди.
Форумнинг биринчи куни "Ёшлар, саломатлик ва барқарор тараққиёт" шиори остида ўтди. Ёшлар фаровонлиги, зиёнли одатларнинг олдини олиш, руҳий соғломлик, соғлом муҳит, таълим ва касб танлови, экологик маданият масалалари бўйича маърузалар ва муҳокамалар ўтказилди.
Иккинчи куни "Тинчлик ва рақамли барқарорлик" мавзусида давом этган тадбирда рақамли платформалар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш, ёшлар стартапларини қўллаб-қувватлаш, рақамли технологиялардан соғлом фойдаланиш маданиятини тарғиб қилиш юзасидан қизғин мунозаралар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон вакиллари форумда фаол иштирок этиб, соғлиқни сақлаш, таълим ва инновациялар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларнинг салоҳиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда экологик барқарорлик бўйича миллий тажриба билан ўртоқлашди. Шунингдек, юртимиз делегацияси Марказий Осиё ёшлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, улар учун янги имкониятлар яратишга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурди.
Форум якунида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ёшлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган якуний ҳужжат қабул қилинди. Келгусида аниқ чора-тадбирларни белгилайдиган "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди