Logo

Ўзбекистон олий таълим муассасалари раҳбарлари Польша тажрибасини ўрганди

Июль 15, 2024. 09:07 • 2 дақ

160
Ўзбекистон олий таълим муассасалари раҳбарлари Польша тажрибасини ўрганди

ВАРШАВА, 15 июль. /"Дунё" АА/. Жорий йилнинг 10-12 июль кунлари Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири маслаҳатчиси Шуҳрат Отахонов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси амалий ташриф билан Польшада бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Польша фан ва олий таълим вазири ўринбосари Анжей Шептицкий билан учрашув ўтказди.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Музокараларда академик алмашинувлар, илмий тадқиқотлар ва икки томонлама ўқув дастурлари йўналишларида ўзаро ҳамкорлик сезиларли яхшилангани таъкидланди. Шунингдек, университетлараро алоқаларни йўлга қўйиш орқали таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва таълим сифатини оширишга қаратилган янги ташаббуслар хусусида фикр алмашилди.

 Сафар давомида Польша ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида давра суҳбатида ҳам ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон-Польша университетлари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, янги қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Тошкент Халқаро Вестминстер университети ректори Комилжон Каримов ўз нутқида, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан олий таълим йўналишини ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган янги дастурлар ҳақида батафсил сўзлаб берди. У Польша ва Ўзбекистон ўртасидаги академик ҳамкорлик қисқа даврда самарали натижаларга эришганини алоҳида қайд этди.

Польша фан ва олий таълим вазири ўринбосари Анджей Шептицкий ўз чиқишида, халқаро ҳамкорлик фан ва таълим соҳаси ривожланишининг энг муҳим таркибий қисми эканини билдирди. "Фан ўз табиатига кўра универсалдир, чунки у чегара билмайдиган ечимлар ва қонунларни излайди. Польша университетларининг интернационализациясини қўллаб-қувватлаш ва олимларни тадқиқот ҳамкорлиги ҳамда мобиллигини рағбатлантириш учун кўплаб тадбирлар ўтказмоқда. Ушбу давра суҳбати ҳам Польшада Ўзбекистонни янада тарғиб қилишга ва икки томонлама алоқаларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади", деди у.

Сафар давомида Ўзбекистон делегацияси Краков шаҳрига ташриф буюрди. Ташриф давомида AGH фан ва технологиялар университети ва бошқа университетларнинг бошқарув тизими, инновацион жараёнларни тадбиқ этиш ҳамда имкониятлари ўрганилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш