Соғлиқни сақлаш соҳасида Туркия тажрибаси ўрганилди
Ноябрь 09, 2025. 13:54 • 2 дақ
• 72
АНҚАРА, 9 ноябрь. /"Дунё" АА/. Юртимизнинг соғлиқни сақлаш, фармацевтика, иқтисод ва молия соҳалари вакилларидан иборат делегация Туркиядаги масъул идораларининг илғор тажрибалари билан танишди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Делегация аъзолари амалий ташриф доирасида Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб, бу ерда тиббиёт муассасалари учун дори-дармон етказиб бериш тизими, соғлиқни сақлаш харидларида сифат ва самарадорликни назорат қилиш, соҳада рақамли трансформация стратегияси, халқаро стандартларнинг имплементацияси, харид ва инвентаризация тизимларини интеграциялаш каби тажрибалар билан танишди.
Соҳадаги жараёнларни бевосита кўриш мақсадида Туркиянинг энг йирик кўп тармоқли давлат шифохонаси – Анқара Билкент шаҳар касалхонасига ташриф буюрди. Меҳмонлар ушбу шифохонада дори-дармонлар ва тиббий жиҳозлар бўйича талабномани шакллантириш, нархлаш жараёнлари, омбор майдонини ташкил этиш ва стандартлаштириш, автоматлаштирилган бухгалтерия ҳисоби ва назорат тизимлари билан яқиндан танишдилар.
Делегация вакиллари Туркия Дори-дармон ва тиббий жиҳоз ташкилотида ҳам бўлиб, ишлаб чиқарувчидан то истеъмолчига қадар фармацевтика маҳсулотлари етиб боришини кузатиш ва назорат қилиш бўйича илғор тизим – Ürün Takip Sistemi (Жиҳоз кузатув тизими) ҳамда İlaç Takip Sistemi (Дори-дармон кузатув тизими)ни кўздан кечирди. Фармацевтика соҳасида нархларни тартибга солиш механизми, сифат назорати ва мувофиқлик, рақамли технологияларни қўллаш, тиббиёт муассасалари билан электрон рецептлар орқали ўзаро алоқа ўрнатиш йўналишларида тажриба оширди.
Юртдошларимизга ташрифнинг сўнгги куни Туркиядаги давлат харидларида масъул ташкилот – Давлат таъминот офиси фаолияти билан танишиш имкони яратилди. Мутахассислар мулоқот ва тақдимот жараёнларида ушбу офис тарихи, унинг марказий ва ҳудудий бошқармалари, тизимда жорий этилган сўнгги янгиликлар ҳақида маълумотга эга бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди