"Бизнес дипломат" лойиҳаси аъзолари ва Малайзия компаниялари иштирокида бизнес мулоқот ўтказилди
Июнь 22, 2025. 10:31 • 3 дақ
• 39
КУАЛА-ЛУМПУР, 22 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонасида мамлакатимиздаги "Бизнес дипломат" лойиҳаси аъзолари ва Малайзиянинг бир қатор компаниялари вакиллари иштирокида бизнес мулоқот ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур учрашувнинг асосий мақсади "Бизнес дипломат" лойиҳаси аъзоларига Малайзиянинг етакчи компаниялари билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, ўзаро инвестициявий ва савдо имкониятларини ўрганиш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришишдан иборат.
Тадбирда "Бизнес дипломат" лойиҳаси бўлган 20 та корхона раҳбари ва асосчилари ҳамда Малайзиянинг 30 яқин компаниялари раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.
Бизнес мулоқотни Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев кириш нутқи билан очиб берди. Дипломат иштирокчиларга Ўзбекистонда сўнгги йилларда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётгани, хорижий инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар тўғрисида батфсил сўзлаб берди.
"Бизнес дипломат" лойиҳаси раҳбари Миршод Шакиров ўз чиқишида, Ўзбекистонда ўз бизнес фаолиятини бошлаш ва ҳамкорлар билан истиқболли йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун фурсат келганлигини таъкидлади. У, шунингдек, Малайзия вакилларини мамлакатимизга ташриф буюришга ва нафақат Ўзбекистон балки бутун Марказий Осиё давлатлари бозорларини кашф қилишга чақирди.
"Бизнес дипломат" лойиҳаси аъзолари ўз фаолиятлари тўғрисида тақдимот қилдилар. Тақдимотда Малайзия ишбилармонлари билан қурилиш ва архитектура, таълим, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, чакана ва улгуржи савдо, IT-аутсорсинг ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилди.
Малайзия компаниялари ўзларининг илғор технологиялари ва тажрибаларини Ўзбекистон бозорига олиб кириш, жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш (қуёш электр станциялари), исломий молия институтларини, рақамли инфратузилма ва сунъий интеллект ечимларини жорий этишга қизиқиш билдиришди.
Малайзия ишбилармон доиралари вакилларида Ўзбекистондаги кузатилаётган ижобий ўзгаришлар ва бизнес юритиш учун яратилган қулайликлар катта тааасурот қолдирди. Улар элчихона томонидан ташкил этилган тадбир ўзаро амалий бизнес мулоқот учун самарали платформа бўлиб хизмат қилишини билдиришди.
Тадбир якунида иккала мамлакат бизнес вакиллари ўртасида B2B шаклидаги учрашувлар ўтказилди. Малайзия компаниялари билан Ўзбекистонга бизнес-миссияларини ташкил этиш ва "Бизнес дипломат" аъзолари билан аниқ йўналишлар бўйича музокаралар ўтказишга келишиб олинди.
Карен Файрклаф Нг, Малайзия ўрта даражадаги компаниялари консорциуми (MCMTC) ижрочи директори:
– Ўзбекистон элчихонасига MCMTC резидент компанияларини "Бизнес дипломат" лойиҳаси аъзолари билан учрашувга таклиф қилгани учун миннатдорлик билдираман.
Бугунги бизнес мулоқот сермазмун бўлди деб ҳисоблайман. Тадбир Ўзбекистон ва Малайзия тадбиркорлари ўртасида кўприк вазифасини бажариб бермоқда. Ўйлайманки, биз биргаликда ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлган натижаларга эришамиз. Яқин келажакда ўзаро манфаатли ҳамкорлик лойиҳаларининг амалша оширилишига умид қиламиз.
Даниел Цзе Вай, "Thumbprints Utd Sdn Bhd" компанияси савдо директори:
– Компаниямиз Буюк Британия, Америка ва Европа Иттифоқи таълим стандартлари асосида болалар учун инновацион ўқув қўлланмаларни чоп этиш билан шуғулланади. Биз яратаётган ўқув қўлланмалалари хавфсиз ва болалар онгини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Биз Ўзбекистон матбаа корхоналар билан ушбу турлаги китобларни ҳамкорликда чоп этиш ва мактабгача таълим муассасаларига етказиб беришга бўйича ҳамкорлик қилиш таклифини илгари сурдик. Мақсадимиз Ўзбекистон ёш авлоди вакилларининг билим-кўникмаларини янада ривожлантиришга ҳисса қўшиш.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди