Logo

Навоий вилояти ва Покистоннинг Синд провинцияси ўртасидаги ҳудудларлар ҳамкорлик алоқалари янги босқичга олиб чиқилади

Май 08, 2026. 15:11 • 2 дақ

75
Навоий вилояти ва Покистоннинг Синд провинцияси ўртасидаги ҳудудларлар ҳамкорлик алоқалари янги босқичга олиб чиқилади

ИСЛОМОБОД, 8 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев ва Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Карачи шаҳрида Синд вилояти губернатори Неҳал Ҳашми билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудалараро иқтисодий алоқаларни ривожлантириш муҳимлиги алоҳида урғуланди.

Навоий ва Синд вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро манфаатли йўналишларни белгилаб олиш ва  истиқболли лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

Икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратдилар. Хусусан, саноат, қишлоқ хўжалиги, инвестициялар жалб қилиш, таълим ва инновациялар соҳаларида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича аниқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Шунингдек ўқинг

Ҳар икки томон ҳам мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва тўғридан-тўғри инвестицияларни рағбатлантириш зарурлигини таъкидлади. Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида, жумладан, картошкачиликни ривожлантириш, юқори ҳосилли ва иқлимга мос навларни жорий этиш, замонавий агротехнологияларни татбиқ қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда маҳсулотларни қайта ишлаш ва сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ўзаро тажриба алмашиш имкониятларига эътибор қаратилди. Шу билан бирга, илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, мутахассислар тайёрлаш ва малака ошириш дастурларини амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Саноат соҳасида эса қўшма корхоналар ташкил этиш, технологиялар трансферини амалга ошириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Учрашув якунида томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, аниқ йўналишлар бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, мунтазам мулоқот ва тажриба алмашишни йўлга қўйиш борасида келишувларга эришди. Бу келишувлар келгусида амалий натижаларга хизмат қилиши, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга ижобий таъсир кўрсатиши таъкидланди.

Томонлар мазкур ташриф икки давлат ва уларнинг ҳудудлари ўртасидаги шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга хизмат қилишини билдириб, келгусидаги ҳамкорлик истиқболларига ишонч билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш