Logo

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони олий таълим соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ноябрь 19, 2023. 10:33 • 45 сония

606
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони олий таълим соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

АР-РИЁЗ, 20 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси вакиллари Подшоҳ Сауд университети халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Мазид ат-Тарқавий билан учрашув ўтказишди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.   

Унда Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Подшоҳ Сауд университети ўртасида ўзаро Англашув меморандумини имзолаш масаласи муҳокама қилинди. Ушбу ҳужжатни имзолаш бўйича келишув Тошкент давлат шарқшунослик университети раҳбариятининг жорий йил январь ойида Саудия Арабистонига бўлиб ўтган амалий сафари чоғида эришилган эди.


Саудия вакили мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни диққат билан кузатиб бораётганини билдирди ва ушбу соҳада ўзбекистонлик ҳамкорлар билан алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини тасдиқлади. Унинг айтишича, Саудия Арабистони ҳукумати Тошкент давлат шарқшунослик университети билан Англашув меморандуми имзоланишини маъқуллаган.


Учрашув якунида жорий ноябрь ойи охирида мазкур ҳужжатни имзолаш мақсадида Подшоҳ Сауд университети ректори Бадран бин Абдурраҳмон ал-Умар бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш