Logo

Ўзбекистон ва Сингапур яримўтказгичлар саноатини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қилади

Май 23, 2025. 14:52 • 59 сония

68
Ўзбекистон ва Сингапур яримўтказгичлар саноатини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қилади

СИНГАПУР, 23 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси вакилларининг 20-22 май кунлари Сингапурда бўлиб ўтган "SEMICON Southeast Asia 2025" (SEA) халқаро кўргазмасида иштироки уюштирилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Кўргазмада уюшма вакиллари жаҳон иқтисодиётининг энг илғор соҳаларидан бири бўлган микроэлектроника ҳамда яримўтказгичлар саноатида мавжуд янги технологиялар ва ишланмалар билан танишдилар.

Тадбир доирасида "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси, Сингапурнинг Яримўтказгичлар саноати уюшмаси ва Микроэлектроника илмий-тадқиқот институти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур ҳужжат икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли технологик ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади. Хусусан, кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш, қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш, инновацион ўқув дастурлари ва технологик ечимлар бўйича тажриба алмашинуви каби устувор йўналишларни ўз ичига қамраб олади. Шунингдек, меморандум доирасидаги ташаббуслар Ўзбекистонда яримўтказгичлар саноатини ривожлантириш, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш, шунингдек, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутади.

"Ўзэлтехсаноат" уюшмаси ушбу стратегик соҳада замонавий инфратузилма, халқаро ҳамкорлик ва инсон капиталига асосланган миллий техноэкотизимни шакллантиришга интилмоқда.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур ҳамкорликнинг айнан Сингапур каби етакчи инновация маркази билан йўлга қўйилгани Ўзбекистоннинг ушбу соҳада халқаро стандартларга мос ва барқарор ривожланишига хизмат қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш