Трамп Канада товарларига 50 фоизлик бож жорий этди

Июль 21, 2026. 16:00 • 3 дақ

82
Трамп Канада товарларига 50 фоизлик бож жорий этди
“Euronews” сурати

ВАШИНГТОН, 21 июль. /“Дунё” АА/. АҚШ президенти Дональд Трамп Канададан импорт қилинадиган айрим маҳсулотларга қўшимча 50 фоизлик бож жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Оқ уй маъмуриятининг маълум қилишича, ушбу қарор 1930 йилги Тарифлар тўғрисидаги қонуннинг 338-моддаси асосида қабул қилинган. Ҳужжатнинг асосий мақсади Канада томонидан Америка маҳсулотларига нисбатан қўлланаётган чекловларга жавоб қайтариш ва АҚШ ишлаб чиқарувчилари учун адолатли рақобат муҳитини таъминлашдан иборат.

Янги тарифлар Канададан импорт қилинадиган қатор маҳсулотларга, жумладан, вино, спорт анжомлари, цемент ва бошқа товарларга татбиқ этилади. Шу билан бирга, энергетика маҳсулотлари, калий ўғитлари, муҳим минераллар, балиқ маҳсулотлари ҳамда аввалдан бошқа тарифлар амал қилаётган айрим товарлар ушбу чоралардан мустасно қилинган. Янги тарифлар фармон имзоланганидан 30 кун ўтгач кучга киради.

Оқ уй маълумотига кўра, Канада бир қатор соҳаларда АҚШ маҳсулотларига нисбатан бошқа давлатларга қараганда қатъийроқ чекловлар қўлламоқда. Масалан, автомобиллар импортига белгиланган квоталар америкалик ишлаб чиқарувчиларни Канада ҳудудида ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ундаётгани таъкидланган. Шунингдек, 2025 йил апрелидан 2026 йил мартигача Канадага АҚШдан экспорт қилинган автомобиллар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22 фоизга, яъни 5,6 миллиард долларга қисқарган.

Алкоголли ичимликлар бозорида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган. Канададаги аксарият ҳудудларда АҚШда ишлаб чиқарилган алкоголли маҳсулотларни сотиб олиш ва чакана савдоси тўхтатилган. Натижада, 2025 йил мартидан 2026 йил февралигача Америкадан экспорт қилинган алкоголли ичимликлар ҳажми 81 фоизга, яъни 582 миллион долларга камайган.

Сут маҳсулотлари соҳасида ҳам АҚШ Канада сиёсатига эътироз билдирмоқда. Хусусан, Канада Америка пишлоқлари учун белгиланган импорт квоталарини Европа Иттифоқи давлатларига нисбатан анча чекловчи тарзда белгилагани қайд этилмоқда.

Президент Трамп маъмурияти таъкидлашича, янги тарифлар АҚШ экспортчиларига етказилаётган иқтисодий зарарни қоплаш, мамлакат ишлаб чиқарувчилари манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда савдода ўзаро тенг шарт-шароитларни таъминлашга хизмат қилади.

Трамп маъмуриятининг “Америка – биринчи ўринда” савдо сиёсати маҳаллий саноатни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва ишлаб чиқаришни мамлакат ичига қайтаришга қаратилгани таъкидланмоқда. Маълумотларга кўра, 2026 йил май ва июнь ойларида АҚШда ишлаб чиқариш сектори сўнгги йиллардаги энг юқори ўсиш суръатларини қайд этган.

АҚШ расмийлари фикрича, кўплаб давлатлар Вашингтон билан музокаралар орқали савдо келишувларига эришган бўлса, Канада ўз савдо чекловларини сақлаб қолишни маъқул кўрган. Шу сабабли, Америка маъмурияти янги тарифлар икки мамлакат ўртасидаги савдо муносабатларида ўзаро манфаат ва адолат тамойилларини тиклашга хизмат қилади, деб ҳисобламоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш